Телеканалларимизда қачон қизиқарли кўрсатувлар сони ортади? Бирма-бир телеканаллар номини санаб ўтганимдан на фойда? Шундоғам, қайси канал орқали, қайси сериал намойиш этилаётганини жуда яхши билишади. Зангори экранга тикилишимиз билан ё корейс сериали ё турк сериали бошланади. Шу қадар кетма-кет намойиш этиляптики, қайси тугаб, қай бири давом этаётганини ҳам билмайсан. Адашиб кетасан...Корейс миллати тарихини сериаллар орқали қачонгача ўрганамиз? Қайси ҳукмдор қандай жанг қилди, малика қандай маккораликлар...Қачон ўзбек замон қаҳрамонлари ҳақида сериаллар, қизақарли видеофильмлар яратилади? Униб ўсаётган давр ёшларидан корейс халқи қаҳрамонларини сўранг ёддан билади. Ё Пўлат Аландар ким деб сўранг-чи? Дарвоқе, энди ҳинд сериаллари "вирус”и ҳам тарқала бошлаяпти. Жасси ҳақида сўрамай қўя қолай...Шунчаки эфир вақтини банд қилишга арзигулик бошқа кўрсатув ёки ижод маҳсуллари қолмадими? Тинмай савол берамиз, жавобини тополмай хуноб бўлаверамиз! Бир нарсани тан олиш керак, кўплаб экспертлар фикрича, айни пайтда юртимиздаги энг оммабоп ва томошабоп телеканал "NTT” дея баҳоланяпти. Мусиқа, кино, сериаллар, ток-шоулар тинмай намойиш этилгандан кейин бундай муваффақиятга эришиш мумкин, чамамда. Агар, зангори экрандаги тасвир сифатининг пастлигини инобатга олмасак, албатта ҳозирча ўзбек томошабинлари кўз қадаган телеканал шуниси. Хулоса ўрнида шуки, ТВ бизни қаёққа бошлаяпти, деган жўяли савол туғилади. ТВ ижодкорлари янгиланиш, замон руҳияти, халқ қизиқиши ва истаклари ҳақида ҳам бир баҳя ўйлаб кўриб, шунга яраша чора-тадбирлар ўтказишни мақсад қилишса, нур устига аъло нур бўларди!
|