Ҳар соҳада мафкуравий илдамчилик шу соҳанинг ривожига қолаверса, гуллаб яшнаши учун хизмат қилади. Ўзбек киносининг бугунги куни ҳақида сўз кетганда, ҳар галгидек энг биринчилар ижодига эътибор қаратамиз. Холливуд киноиндустриясининг энг ёрқин онлари Жеймс Камэрон, Ридлли Скотт, Болливуд юзини жаҳон кўзгусига тутганлар Яш Чопра, Каран Жохар кабилар номи билан боғланса, миллий кино оламимизда янги уйғониш даври сабачилари дея Рустам Саъдиев, Аюб Шаҳобиддиновларни бехос ёдга оламиз. Бугун режиссёрлар фаолиятини тўлдириб турган картиналарни тинмай бармоқ билан санаш мумкин. Уларнинг орасидан эл муҳаббатини қозонгани, умуман, яхшиси қайси бири деганда ўйланамиз...Гоҳида саволимизга жавоб тополмай, хуноб ҳам бўлиб қоламиз. Шу кунларда мусиқа санъатида "Озодмания” бошлангани рост...Ўзбек киносида Рустам Саъдиев ижодига бўлган ашаддийлик 2001 йилдан бери давом этяпти. Тўғри, у яратган ўнта кинокартинанинг ҳаммаси бирдек минглаб мухлислар диққатини қозона олмади...Бироқ, энг муҳими, у саноқ учун фильм ҳам яратмагани рост. Ўнта фильмининг ҳар бирига битта оламни жо эта олди-ку? Унинг ижодида жуда оммалашган, оммалашган, шунчаки қизиқтира олган, яхши фильмлари...ҳар бири ўз тошига эга бўла олди. Бироқ, ёмони йўқ. Балки, шунинг учун ҳам ҳануз у илдамчиликни қўлдан бой бермай келаётир? Мақтаяпти десангиз ҳам майли, кўкка кўтаряпти дея истеҳзоли кулсангиз ҳам...Бироқ, ҳақиқат ҳам шу-да! Саъдиевнинг ўн биринчи катта киноасарининг ишчи номи "Ўғри келин” дея номланади. Айни пайтда суратга олиш жараёни қизғин давом этяпти. 6 та энг муҳим савол билан режиссёрга мурожаат қилишни лозим топдик.
1.Нега яна келин мавзуси? Бошқа "келин”ларингиздан буниси қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?
-Бу мутлақо бошқача келин. Ҳаётда бир оиланинг яхши қизини келинликка тайёр бўлиб шаклланишини ҳам эсдан чиқариш керак эмас. Келин қанча меҳнаткаш бўлса, ўша уйдан ўз ота-онасига фақат раҳмат олиб келади. Ҳаётда бошига тушган тўсиқлардан қиз бола боши билан ўтишини эса катта синов ва катта ҳаётга жиддий тайёргарлик деб тушуниш керак. Фильм номида "келин” деган сўз ишлатилишидан бу фақат тўй саҳнаси бор, деган тушунчани эмас, ҳаётда келинлик қисматига шиддат қадам билан тайёрланишни фаҳмлаш керак.
2.Дилноза Кубаева ва Улуғбек Қодиров картинангизда илк маротаба рол ижро этаётган жуфтлик. Уларнинг ижроси кенг омма диққатини жалб этиш учунми?
-Бир томондан, бундай ҳисоб ҳам йўқ эмас. Иккинчидан, ҳозирги кино саноатда ўта "кинофабрикантлик”ка, яъни янги актёр ва актрисаларни юзага чиқариш билан фаолиятни ўтказиб юбориш ҳам керак эмас. Профессионал актёрлар билан ишлаш ўта мароқли вазият. Улар режиссёрнинг ярим сўзидан тушунади. Фильмни мураккаблаштириб, етук ва мазмунлироқ қилиш вақти келди. Ибрат бўладиган, ўзгача руҳ ва кайфият улашадиган санъат намунасини кўриб, томошабин катта таассурот билан чиқиши керак. Фильм драматургиясини кучли қилиб, мураккаб фильм яратишни маъқул кўрдим. Мураккаблик томошабинни сиқиб қўйиш ёхуд зериктириш дегани эмас. Ҳаётий кучли қарашларни енгил тил билан уларга тақдим этишдир. Профессионаллар билан ишлаяпман, бу актёрларнинг камчилиги бошқа ҳамкасбларига нисбатан томошабинларга сезилмайди.
3.Янги фильмингиз билан томошабинга нималар демоқчи бўласиз?
-Ҳаётда шундай ҳам бўлиши мумкин, деган фикрни олдин сураман. Аниқроқ қилиб айтганда, бу фильм билан ёш қизларимиз келажак ҳаёти учун янада жиддийроқ қадам босиши ҳақида фикр юритмоқчи бўлдим, холос.
4.Яна танқидларга учрашга тайёрмисиз?
-Доимий ҳол. Албатта асосли бўлса. Иш бор жойда камчилик бор.
5.Фильмингизда биронта образ замон қаҳрамони бўла оладими?
-Албатта. Иккаласи ҳам замон қаҳрамони бўлади. Ҳаётда мустақил фикрига эга ва шу фикри учун ақли билан мустақил қарор қабул қила олади. Ҳар бир ёш улғайиб ота-она бўлади. Қийинчилик, ҳаёт ташвишларини енга олмаган инсон мустақил дунёқарашга эга бўла олмайди. Тақдирнинг ўзи чиниқтириб қўяди ва бу эса инсоннинг келажакда кўп қаҳрамонликлар яратишига имконият яратиб беради.
6.Бугун ўзбек киносида шиддат билан фильмлар яратилишга яратиляпти-ю, кетма-кет инқирозга йўл тутяпти. Бу ҳол сизни таҳликага солмайдими?Хатоликларни қай даражада ўргандингиз ва уқдингиз?
-Бу ҳол кўп бора мени ўйлантиради. Ҳозир анчайин ўз кучини йўқотган бироқ, олдин жуда урфда бўлган бир қоидага амал қилардик, яъни фильмларни томошабинга етказиш учун тинмай реклама қилишни афзал билардик. Ҳозир томошабинда шундай фикр уйғоняптики, рекламанинг кучи билан бўлар-бўлмас кинога ҳам одам чақириляпти. Фильмлар кўплигидан томошабинлар бўлиниб кетяпти ва албатта, алданиб қолганлари ҳам йўқ эмас. Аксарият фильмлар омма ишончини қозоняпти, деб айта олмаймиз. Кенг омма олидада ҳар бир режиссёр ўз фикр доирасини синаб кўряпти. Бироқ, натижа омма кутгани кабимикан, деган саволни ўзимизга кам бермаяпмизмикан? Фильмлар инқирозга учрашига ҳамкасбларим айбдор. Бир ўйлаймиз, томошобинга енгил фильм керак деб, гоҳида, аксинча. Кундан-кунга томошабин режиссёрлар учун топишмоқ бўлиб боряпти. Янги жанрлар эксприменти, янгиликка интилиш, мазмун жиҳатдан янада асарни кучайтириш кабилар кино оламида ўсишнинг асослари бўлиб боряпти. Амал қилмасак, касодга учрашимиз табиий, деб ўйланиб ҳам қоламан.
P/S: Ушбу интервью ўзбек сайтлари орасида биринчи ва эксклюзив тарзда фақат бизнинг сайтимиз учун берилди. Шу кунларда эса кўплаб журналистларга ушбу фильм ҳақида режиссёр умуман оғиз ҳам очмаган. Айримлари эса рад жавобини олди. Саъдиев одатда монтаж ишлари пайтида янги фильмлари ҳақида маълумот беришни бошлайди.У энг тирбанд ва интервью беришни асло хохламайдиган пайти, суратга олиш жараёнидир. Режиссёр эътирофича, у бу дамларда фильм билан яшайди. Бироқ, илк марта принципидан биз учун воз кечди. Эксклюзивдан биринчи баҳраманд бўлинг! Фақат www.uzandijon.com