«Эмраҳ 25 йиллик ижодидаги энг сара қўшиқларини тўплаб, «Best of Emrah» номли альбоми билан мухлисларини хушнуд этди». Ушбу хабар Туркиянинг «Hurriyet» газетасида босилиб чиққач, «Аччиқ ёлғон»нинг Амирхони, соҳир овоз соҳиби Эмраҳ билан интернет орқали боғланиб, у билан жонли мулоқотга киришдик.
- Селамун алейкум. Эмраҳ, сизни илк бор қўшиқларингиз орқали танигандик. Сўнгра ўхбекистонлик мухлисларингиз сериаллардаги ажойиб ролларингизни ҳам кўришди.
- Ташаккур. Сирасини айтганда, бундай бўлишини кутмагандим. Юртингизда қайси сериаллар намойиш этилди?
- Ўтган йили «Хиноли қор». Айни пайда эса «Аччиқ ёлғон». Икки сериалдаги ижроингиз ҳам томошабинларга маъқул келди.
- Мени хурсанд қилдингиз. Сиз билан суҳбатлашишга тайёрман.
- Газетамизда имкони борича, «Аччиқ ёлғон»да роль ўйнаган санъаткорлар билан таништириб боряпмиз. Сиз ҳақингизда кўплаб маълумотлар бердик. Аммо сериалга қандай таклиф олганингизни билолмадик…
- Бу ҳақда туркиялик журналистлар ҳам кўп сўрашган. «Хиноли қор»да суратга тушгач, бир оз муддат танаффус қилдим. Тўғриси, бу сериалнинг сўнгги бўлимларида ўйнамаганман. Янги албомимни чиқариш учун, бор эътиборимни қўшиқлар ёзишга қаратгандим. Бу орада жуда кўп режиссёрлар безовта қилишди. Барчасига рад жавобини берганман. «Buyuk yalan»нинг режиссёри Юксел Аксу эса қайсарлик қилиб, туриб олди. Амирхон ролига ўндан ортиқ актёрларни синовдан ўтказибди. Бироқ ҳеч қайси бири режиссёрга маъқул келмабди. Охири, унга розилик бердим, фақат шартларимни бажаришга рози бўлганидан сўнг.
- Қандай шартлар қўйдингиз?
- Сиз ўйлаётгандай молиявий томондан эмас. Мабодо, янги қўшиқлар ёзишга киришадиган бўлсам, вақт ажратиб беришини талаб қилдим, холос.
- Энг сўнгги янгиликларингиздан бири, 25 йиллик ижодингиздаги энг сара қўшиқларни тўплаб, янги альбом чиқарибсиз. 36 ёшда болаликда куйлаган қўшиқларингизни яна қайта айтиб, нималарни ҳис қилдингиз.
- «Best of Emrah»дан 12-14 ёшимда куйлаган қўшиқларимдан «Ajilarin chochogu» («Ҳасрат фарзанди»), «Айрилолмайман», «Қалбим ярали» ўрин олган. Эсласам, вужудимга титроқ киради. Қийин йиллар эди. Овозим ўзгараётган пайт. «Шуҳратимни йўқотиб қўймасмиканман. Яна мухлисларим кичик Эмраҳни севишди, аммо ўсмир Эмраҳни аввалгидай яхши кўриша олармикин»», деган ҳавотир мени тинч қўймасди. Ўша қўшиқларни қайта куйлаганимда, болалигим, ўсмирлик даврим бир-бир кўз олдимдан ўтди.
- Биринчи суратга тушган фильмингиз ҳам ёдингиздадир?
- Унутиб бўларканми?! « Zavallilar» («Бечоралар») фильмидаги ролим орқали «Кичкина Эмраҳ» номини олдим. Ўша йили «Қалбим ярали» мусиқий альбомимни ҳам чиқаргандим.
- Қайси ижроларингиз ўзингизга маъқул келади? Болаликдаги ролларингизми ёки ҳозиргиси?
- Ёзувчи ҳар бир ёзган асарини ўз фарзандидай кўргани каби, мен учун ҳам ҳар бир ролим қадрли. Бўш вақтларимда, уйда ёлғиз қолган кезларим болаликка қайтгим келиб қолади. Шунда илк суратга тушган фильмларимни кўраман. «Болалик нақадар беғубор экан-а!», дейман ўз-ўзимга. Режиссёр нимани буюрса, ўшани сўзсиз бажарганим, кўзларимни мўлтиратиб, «яхши ўйнадимми?», дея сўролмаганимни томоша қилиб, «Барибир, кичкина Эмраҳ яхши ўйнаган», деган хулосага келаман.
- Қайси актриса сизда айрича таассурот қолдирган?
- Биринчи фильмим «Бечоралар»да онам ролини ижро этган Ўя Айдоган хоним. Ҳаётимда илк кўрган актрисам шу аёл эди. Тасаввуримда ҳамма санъаткор аёллар шундай бўлса керак, деган тушунча уйғотган. Шу пайтгача, ҳеч бир актрисада унинг қиёфасини кўролмаяпман. У ҳар доим мен учун энг севган инсоним бўлиб қолаверади. Ўя хонимни ҳалигача «Опа» дейман. Опа бўлганда ҳам энг қадрли - ОПА!
- Яна янги сериалда суратга тушаётгандирсиз?..
- Ҳа. Ҳали тўлиқ суратга олиниб бўлганича йўқ. «Ўғлим учун» номли сериалда бош роллардан бирини ижро этяпман.
- Бир нарсани сўрасам мендан ранжимайсизми?
- Йўқ. Бемалол.
- Туркия газеталарининг ёзишича, шу янги сериалдаги қаҳрамонингиз худди ўзингизнинг ҳаётингиз экан. Ҳақиқий ҳаётда ҳам ўғлингиз борми?
- Сериалдаги воқелик тасодифий ўхшашлик. Яширмайман, менинг ҳам ўғлим бор. Исми - Тайфун.Сизнинг саволингиздан жаҳлим чиққани йўқ. Лекин газеталаримизда ёзилган мақолаларда, менинг профессионал касбим билан, шахсий ҳаётимни аралаштириб юборишмоқда. «Сериалда ўғлингизни излаяпсиз, ҳаётда-чи?» каби саволлар беришиб, ҳоли-жонимга қўйишмайди. Албатта, ҳар бир инсон учун шахсий ҳаёти биринчи ўринда туради. Мен кино, ижод, деб шахсий ҳаётимни унутганим йўқ. Улар қайдан билишсин, яқин инсонларим менга қанчалар қадрли эканлигини. Фарзанд ҳамма учун –дилбанд. Шундай экан, мен ҳам ўғлимни жонимдан ортиқ яхши кўраман. Фақат… ҳали у онаси билан нега айро яшаётганимизни тушунмайди. Ёш.
- Сўнгги савол. Ўзбекистонга келиш ниятингиз борми?
- Албатта. Юртингизда бўлганман. Мусиқа фестивалида қатнашгандим. Мукофот ҳам олганим эсимда. Насиб қилса, таклиф этишса, ўзбекистонлик мухлислар билан дийдорлашармиз.