«Бу жуфтликни Худо яратган». Фильм номини эшитибоқ, этингиз жимирлайди. Менда ҳам бошида шундай бўлганди. Афсус, салкам беш ойлик бу қизиқиш ҳисси кечагина сўнди! Фильмни яқин бир дўстимнинг шарофати билан томоша қилдим-у, бир хулоса чиқардим: Шохрух Хоннинг янги омадсизлиги!
Тан олиш керак, мусиқа ва қўшиқларга гап йўқ (у ҳам кимга қанақа?!). Фильм сценарийси, диалоглар, воқеалар ривожи, операторлик иши, режиссёрлик иши шунчаки юзакиликдан иборат бўлиб қолгандек... Оилавий муносабатлар, қиз ва йигит танишуви, ҳаётий кечинмалар жуда бачкана!
“Вир ва Зара”дек дурдона асарни яратган Адитья Чопра нега бу гал саёзликка қўл урди? Таъбир жоиз бўлса, бу фильм учун Шохрух Хон увол. Фильм қўшиқлари ижросида Прити Зинта, Рани Мукхержи, Бипашу Басу, Кажолнинг турли ҳинд фильмларидаги образларда намоён бўлиши диққатни ҳеч қандай жалб эта олмайди. Ахир, “Ом Шанти Ом”да 30 дан ортиқ Болливуд юлдузларининг иштирок этганидан хабарингиз бор! Нега «Бу жуфтликни Худо яратган» фильмига бирон мукофот насиб этмаяпти десак, демак гап буёқда экан-да! Сўнгги хулосам, ҳатто фильм воқеаларини эслагим ҳам келмаяпти. Жаҳлим чиқяпти…Бўлди, бу фильмни бошқа эсламайман ҳам, кўрмайман ҳам! Шохрух Хондан эса кўнглим қолди…Бачкана!
|