Дилдора Ниёзованинг танилишида унинг овози Юлдузникига қиёслангани жуда катта кўмак бўлди. Дилдоранинг ўзи эса шундай дейди: "Агар, Юлдуз Усмонова бўлмаганида, мен санъаткор бўлмасдим!”. Хонанда "Ёшлигим”, "Ишонма”, "Ўргилайин ошиқ бўлибсиз”, "Ҳаёт сени энди тушундим” каби альбомлар яратиб, 86 та қўшиқ куйлашга ҳам улгурди. Сўнгги йилларда эса у турмушга чиқиб, фарзанд тарбияси билан овора бўлиб, ижодини сустлаштириб қўйди. Мана, май ойининг қоқ ўртасида "Истиқлол”да янги концерт дастурини эълон қилди-ю, мухлислари олдидаги имтиҳонни аъло баҳога топшириш учун тунни ҳам кунга алмаштириб юборди! Хонанда янги қўшиқларидан шундай гулдаста яратяптики, у сизга шунчаки ҳаёт ҳақиқатлари жамланган туҳфа бўлади. Биргина "Пул” номли янги таронасини тинглаб, чўнтагингиз ва ҳатти-ҳаракатларингизга бир эътибор қаратиб қўясиз. Пули кўп одам айрим пайтда дўстига ҳам хасислик қилади, пули йўқ одам эса қадрини поймол...Шундай экан, қўлинг узунми, сохта тарзда калта қилма, пулинг йўқми бировга ялиниб обрўйингни тўкма...Қўшиқдан шундай хулоса чиқади. Дилдора Ниёзова "Ишонма”си билан танилганди. Бир неча йиллар эса бу тарона суперхит даражасида ўрин топиб, ҳануз яшаб келяпти. Шу қўшиқнинг давомини ҳам яратди, хонанда. Кўрамиз, у қай даражада оммалашаркин? Концертда яна бир мухлисларга туҳфа эса ўзбек санъати тарихида чин маънода донг таратган Тамарахоним хотирасига бағишлов бўлса керак! Айтишларича, Дилдора Ниёзова Тамарахоним куйлаган ажойиб тароналардан бирини ижро этиб, саҳнада у каби хиром ҳам айлайди. Хуллас, яхши истеъдод соҳибаси эл олдидаги янги имтиҳонини кўнгилдагидек топиширига тилакдошмиз. Дарвоқе, бу хонанда айрим тенқур ҳамкасблари каби бозорма-бозор мажбуран чипта тарқатиб юрмагани алоҳида эътиборга лойиқ. Истеъдодли, йўқ, яхши истеъдоди бўлган санъаткорнинг санъати ҳеч қачон хор бўлмайди. Марду майдон дейдилар...Ўзига ишонган санъаткорнинг концертига чипталар эса чиптахонадан сотилади... "Кеп қолинг, оп қолинг ” қабилида эмас!
|