Ҳамманинг ўз шахсий фикри бор. 20 йиллик ижоди билан ёшлар ардоғидаги санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов бугунги шоу оламининг оддий кузатувчиси сифатида фикрларини бўлишди. Тўғри, унинг мулоҳазаларига қай бирингиз қўшиласиз, қай бирингиз эса йўқ. Муҳими, фикрнинг борлиги.
Шохруххон ҳақида...
-Бу йигит доим изланишда. Янгиликка интилади. Характери ҳам ёмон эмас.
Рашид Холиқов ҳақида...
-Сўнгги яратган қўшиғи- "Лейлам” ёқди. У билан битта "круг”дамиз. Шунинг учун ҳам ижодидан ҳамиша бохабар бўлиб тураман.
Шаҳзода ҳақида...
-Ижодкор қиз. Смэш ва Тимати билан ҳамкорлик қилганини яқинда эшитдим ва жуда хурсанд бўлдим. Москва шоу-бизнесига кириб боришга уринаётганининг ўзи бир ғалаба.
Шаҳриёр ҳақида...
-Рэппер боланинг фақат "Party” қўшиғи ёқади. Ижоди ҳақида бошқа ҳеч нарса билмайман.
Улуғбек Раҳматуллаев ҳақида...
-У яхши куйлаётган эди. Уйланди. Энди бўлди!
Зиёда ҳақида...
-Бу қиз "танцор диско” бўлиб қоляпти. Кўпроқ тўй учун ишлаяпти, чоғи. Бироқ, унга маҳзун тароналар куйлаш кўпроқ ярашади.
Райҳон ҳақида...
-2010 йилнинг ёзигача Райҳондан "портлайдиган” бирон қўшиқ тингламадим.
Равшан Собиров ҳақида...
-Ўз жияним бўлса ҳам, унга ҳар доим шогирдим каби муносабатда бўлганман. 19 ёшида қўлига гитара тутқазиб, чалишни ўргата бошлаганман. Ҳозирда у бастакор даражасига етиб, қўшиқ ҳам ёзмоқда. Уни ва Жаҳонгир Позилжоновни шогирдим сифатида тан оламан. Равшан кўп ижод қилади-ю, бироқ, оммага намойиш қилишни билмайди. Мана энди ҳаммасининг вақти-соати етди.
Шаҳноз ҳақида...
-Бу қизни ёшлигидан биламан. Ҳақиқий туғма истеъдод соҳибаси. Жуда ҳам кўп хит қўшиқлар яратган. Менинг ҳам кўп оммалашган қўшиқларимни у яратган. Юқоридаги айтиб ўтган санъкторларимдан Шаҳнознинг фарқли жиҳати шундаки, у ижоддан тўхтамайди. Чунки, у яратувчи ижодкор! "Хуш келибсан, Рамазон” номли қўшиғи менга жуда ёқди.
Шоу-бизнесда кўп сир-асрорларни билувчи Шаҳнознинг фикрларига қулоқ тутсак-чи? Ким ҳақида қандай гаплар билдирилади?
-Санъатга янгилик олиб кирганлар бармоқ билан санарли. Тоҳир Содиқов, Ди-джей Пилигрим, Севара Назархонларни айтиб ўтиш мумкин. Бугунги кунда ижод қилаётганларнинг айримлари ҳақида бор гапни айтадиган бўлсам, Рашид Холиқов сўнгги пайтда тайёр ашулани куйлашга ўтиб олди, Рэпга шарқона тус бераётган Шаҳриёрнинг охирги қўшиқларида бу хусусият йўқолиб, ўрнига бирхиллик авж оляпти, Улуғбек Раҳматуллаев нималардир қилишга уринади, унинг ижодидан "Капалак” ва "Сен кетдинг” ёқади, холос. Райҳоннинг "Орзуингга ишон”ини эътиборга олиш мумкин. Бу йилги ижоди ҳақида ҳеч нарса дея олмайман.