Катта дабдаба билан ўтган никоҳ оқшомидан сўнг, Улуғбек Раҳматуллаевнинг ижодида бироз сусайишни кузатамиз деб ўйлаган эдик. Бироқ, тахмин бошқача чиқди. У ижоддан бир зум ҳам йироқлашмай, тинимсиз изланишда экан. Раҳматуллаев, янги "Сенсиз яшай оламан” деб номланган таронасига суратга олинаётган видеоклипда, қаҳрамон йигит образини яратиш учун таниқли актёр Алишер Узоқовни, клип режиссёри Ёдгор Носиров билан ҳамфикрликда таклиф этди. Хонанда сентябр ойи сўнгида "Истиқлол” санъат саройида илк яккаҳон концерт дастурини ўтказишни режалаштиряпти. Эътибор берсангиз, Улуғбекнинг дўсти бўлмиш Сардор Раҳимхон ҳозиргача икки марта яккаҳон концерт дастурини тақдим этишга улгурди. Ҳозирги пайтда концерт бериш ҳам, томошабин йиғиш ҳам муаммо. Хонанда "Яхши от кейин чопади” нақлига амал қилаётган бўлса не ажаб?! Кўрамиз, Раҳматуллаев яккаҳон концерт дастурида нима билан мухлисларини қойил қолдирар экан? Агар сайтимиз раҳбари Жасур Ҳамроевнинг у ҳақидаги фикрлари билан қизиқадиган бўлсак, "Капалак”дек дилларга ҳуш ёқувчи тарона ярата олаган экан, бу санъаткор ҳали кўплаб хит қўшиқлар куйлайди ва кам бўлмайди. Умуман олганда, Улуғбек Раҳматуллаевнинг ашаддий муҳлислари талайгина ва у ўз ижоди билан барчанинг ишончини оқлай олишига умид билдирамиз.