Сардор Рахимхон омадли санъаткор. Ўз орзу-умидларига бир кетин
эришиб келяпти. У бугун халқнинг севимлиларидан бири. Аслида машҳур
бўлиш ҳар биримизнинг қўлимиздан келади. Бироқ, оммага бирдек севимли
бўлиш эса камдан-кам насиб этади. Рахимхон 13-14 ноябр кунлари янги
яккахон концертини тақдим этади. Айни пайтда кечаётган ижодий жараён
эса сиз каби бизни қизиқтирди. “Сен учун” концерти борасида сиз учун
интервью уюштиришни лозим топдик.
-Кўп концертлар сарф-харажатини ҳам қоплай олмаяпти. Айримлари бекор қилиняпти. Бу ҳолатлар сизга ҳадик солмайдими?
-Шу
пайтгача, худо юзимни ерга қаратмаган. Концертдан эса фойда қилиш
ниятим йўқ. Ҳамма мухлисларим янги қўшиқларимдан баҳраманд бўлсин учун,
чипталар нархини ҳам арзон қилдирдим. Энг қиммат чиптам 15 минг сўм.
Чипталардан сотувидан тушган пуллар эса фақат ташкилотчилик ишларига
сарфланади. Концерт беришимдан асосий мақсад
эса, мухлисларимга
бир йиллик ҳисоботимни топшириш. Бу йил унвон олдим. Мухлисларимга
миннатдорчилигимни кўрсата бера олишим керак. Шуни таъкидлашим керакки,
айни пайтда концертим учун чипталарнинг ярмидан кўпи сотиб бўлинди.
Ташкилотчилар концертимга яна бир кун қўшишни таклиф билдиряпти. Мен
эса буни инкор этдим. Чунки, пойга ёхуд ким ўзар учун концерт
бермаяпман.
-Ич-ичингизда ҳаяжон ё қўрқув устунроқ?
-Кўпроқ
ҳаяжон бор. Ахир, шу ҳис бўлмаганида масъулиятга туртки қаерда эди?
Масъулиятсиз ижод эса тўхтаган бўлади. Синовларга ҳамиша тайёр туриш
керак!
-Концертингиз режиссёри сифатида “Шабнам” фильми режиссёрини танлабсиз. Бу нимадан далолат?
-Бу
режиссёрнинг фестивал фильмларини кўп кўрганман. У клипларим режиссёри.
Эътибор берсангиз, кўп концертларда бир хиллик кузатиляпти. Концерт
режиссурасида янгилик талқинини кўриш учун янги ижодкорлар билан ишлаш
керак. Мирмақсуд Охунов фалсафий ижодий фикрга эга. Фильмлари учун ҳам
чертиб-чертиб сценарий танлайди. Илк бора таклифимни эшитибоқ, озгина
ишончсизлик билан бу вазифани уддалай олмаслигини айтди. Аслида мана шу
фикр керак эди, менга! Чунки, қўрқуви бор ижодкор кўпроқ ва кучлироқ
ишлайди. Боз устига, ноанъанавий ишлашга уринади.
-Концерт
нафақат маданий ҳордиқ учун балки, томошабин маънавиятини бойитишга ҳам
хизмат қилиши керак. Шу жиҳатни қай даражада инобатга олдингиз?
-Ўтган
йили концертимда айнан концертнинг маънавий доираси дебочаларни
бошладик. Мавзу жиҳатдан севги-муҳаббатдан йироқликка қўл урдим. Бундай
қўшиқлар аввало обрў олиб келади. Бугун менга эртага бошқаларга
чалинадиган ёшлар қарсагидан, 80 ёшар бувижоннинг қарсаги менга
вафоли. Шуниси афзал. “Ҳаёт”, “Ё, раб”, “Онаизор” кўпчиликка манзур
бўлди. Бу йил янада шундай тароналарим сафи кенгаяди. 9 та маънавий
доира учун қўшиқлар яратдик. Ботир Эргашев, Умида Абдуазимова, Бобур
Бобомурод, Маҳмуд Тоир каби севимли шоирларнинг шеърларини қўшиқ қилиб
куйлаш асносида ўзим ҳам кўп маъно оляпман.
-Альбом
борасида... Ҳар бир санъаткор орзуси бу! Бироқ, одамларни қизиқтира
олиши энг асосий масала. 3 та альбом чиқардингиз. Тўртинчисини қандай
кутиб олишаркин?
-Мақтаниш бўлмасин-у, 60 фоизи халқ
эътиборига тушяпти. Тўртинчи альбомим “Сен учун” деб номланади.
Ўйлайманки, мухлисларимга манзур бўлади
-Саҳна декорацияси борасида ҳам тўхталинг...
-Концертнинг
асосий қисмлардан бири. Декорация минглаб томошабинлар эътиборини жалб
этиши ҳақида анча бош қотирганмиз. Саҳна декорацияси хонанда ва
куйланажак қўшиқлар йўналишини акс эттириши керак. Ўтган йили бу
масъулиятли иш борасида Сергей Чернов ишлаган бўлса, бу йил Бахтиёр
Тўраев билан ҳамкорликни лозим топдим. Ҳам ёшимга, маънавий дунёмга
мосланган декорация ишончимизни оқлашига ишонаман.Ўтган йили романтика
ва ёшларбоп декорация яратилган бўлса, бу йил миллийлик ва кузги
хотиржамлик уфуради. Декорацияга сарфланадиган пул ҳақида тўхталиш эса
эриш туюлади.
-Концертини жонли ижро билан ўтказадиган хонандалар саноқли. Сиз қай даражада жонли куйлайсиз?
-Мумтоз
куйловчи хонандаларимиз инобатга олмасак, эстрада юлдузлари ҳам жонли
ижро, ҳам фонограммадан фойдаланишга мажбурмиз. Ахир, аранжировкадан
сунъий товуш, сунъий мусиқадан фойдаланилади. Шунинг учун,
фонограммасиз мухлис кутятган қўшиқни бериб бўлмайди. Жонли ижро ҳам
бўлади, яна....Ҳммм бўлди! Ёшларимиз кўпроқ фонограммага ўрганган. Ёши
катталарга эса бу ёқмайди. Репертуаримиз турли йўналишда. Жонли ижрога
талаб ортятгани қувонарли. Санъаткорлар ишлашни ўрганяпти.
-Россиялик
юлдуз Дмитрий Маликов билан ижодий ҳамкорсиз. Бу ҳақда омма хабардор.
Уни ҳам концертингизга таклиф этсангиз яхшигина совға бўларди!
-Маликовни
тўйимга таклиф этаман. Концертимдан сўнг, халқ олдида юзим ёруғ
бўлгач, Россияда ҳам юртим шарафини ҳимоя қиламан. Рус ТВсида клипларим
намойиш этилмаётгани эса маблағга бориб тақалади. Худо хоҳласа,
ҳаммасига эришаман!
-Рус тилидаги клипингизни мухлисларингиз қандай қабул қиларкин?
-Ўзбек
мухлислари талаб қилади, деб умид қилмайман. Русийзабон мухлисларимга
мослаб куйлаганман. “Ты для меня” Россияда ҳам шуҳрат қозонишига
ишонишим боиси, ўзбекона талқин билан ижро этганлигим бўлса керак.
-Яна қандай янгилик билан хурсанд қиласиз?
-Концерттда учта меҳмон бўлади. Улар ҳозирча сир! Концертга яқин ошкор қиламиз.
Гапириш
билан бажара олишлик ўртасида анча масофа бор. Хонанда бу масофани
тўғри кечиб ўтиши учун ундан яхшигина истеъдод, омад, меҳнат талаб
этилади. Сардор уддалашига ишонамиз. Ахир, унда юқоридаги учта
сифатнинг бари бор! Ижодий имтиҳонда учрашгунча! Эл қатори ҳордиқ
оламиз ва баҳолаймиз. Кейин фикрларимизни ўртоқлашамиз! А, нима
дедингиз?