...Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан ажраши керак. Агар ундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бузилади...
Рўзани бузадиган ва фақат қазо тутишни вожиб қилиб, каффоротни вожиб қилмайдиган нарсалар
1. Ғизомас ва ғизо маъносидамас нарсани тановул қилмоқ. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон таби емоққа мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун рўзадорнинг хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни емоғи. 2. Бирданига кўп тузни еб юборса ҳам рўзаси очилиб унинг қазосини тутиб беради. 3. Пишмаган мевани еса ҳам. 4. Тишлари орасида қолган нўхотдан катта нарсани еса ҳам... 5. Данак, пахта, қоғоз, тери еса ҳам. 6. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарсаларни ютиб юборса ҳам. 7. Ўз амали билан ичига тутун киргазса ҳам. 8. Орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан ичига сув ёки дори киритилса ҳам. 9. Қулоғига мой томизса ҳам. Сув томизса, очилмайди. 10. Аёл кишининг олд аъзосидан қатра томизилса ҳам рўзасини қазо қилиб тутмоғи лозим бўлади. Эркак кишининг олд аъзосидан қатра томизилганда бу гап йўқ. 11. Қасддан оғзи тўлиб қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзалиги эсидан чиққан, оғзи тўлмай қусган, таом эмас балғам қусган бўлса, рўзаси очилмайди. 12. Ғизо ва давони беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар ила тановул қилса, қазосини тутиб беради. 13. Оғзини чайиб турганда хато қилиб сув ичига кетиб қолса, рўзаси очилади ва қазо тутади. 14. Бошидаги ёки қорнидаги жароҳатга дори қўйганда ичига ёки димоғига кетиб қолса ҳам. 15. Биров ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборса ҳам. 16. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам. 16. Биров аввал эсида йўқ таом еган ёки жинсий яқинлик қилган бўлса, рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди деб кейин яна таом эса ёки жинсий яқинлик қилса, қазо рўза тутиб бериши лозим бўлади. 17. Биров кечаси рўза тутишни ният қилмади. Кундузи ният қилди. Кейин бу ниятим тўғри бўлмаса керак деган шубҳа билан таом еворса, рўзаси очилади ва қазо тутиши вожиб бўлади. 18. Биров ҳали тонг отмаган бўлса керак деб еб ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, тонг отиб бўлган экан. Рўзасининг қазосини тутади. 19. Биров қуёш ботган бўлса керак деб еб ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, қуёш ботмаган экан. Рўзасининг қазосини тутади. 20. Биров таом еб ёки жинсий яқинлик қилиб турганда тонг отиб қолди. Дарҳол қилаётган ишини тўхтатса, рўзаси тўғри бўлаверади. 21. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади. 22. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли манийси тўкилса, қазо тутади. 23. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл қазо тутади. 24. Аёл киши фаржига мой ёки шунга ўхшаш нарсаларни томизса ҳам. 25. Рўзадор шахс орқасига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини киритса ҳам. 26. Рўзадор шахс орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам. 27. Аёл киши ички фаржига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини ёки пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам. 28. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни очган бўлса, фақат қазо тутиш вожиб бўлади. Каффорот вожиб бўлмайди.
Рўзани бузадиган ва ҳам қазо тутишни, ҳам каффоротни вожиб қиладиган нарсалар
1. Ғизо ёки унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи. Одатда озуқа сифатида танаввул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, попирос, сигара, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ғизо маъносидаги нарсаларга киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш, олтмиш кун кетма кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоротни адо қилади. 2. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин рўзам очилиб кетди деган ўй билан қасддан еб ичиб юборса ҳам қазо тутиб, ҳам каффорот адо қилади. (Фақиҳ рўзанг очилибди деб фатво берса бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади. Каффорот вожиб бўлмайди). 3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг туфигини лаззат учун, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса ҳам. 4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондирса ҳам. Унда иштаҳа тортадиган одам жинсининг олди ёки орасига олатни киритиш кўзда тутилган. Агар маний тўкилиши бўлмаса ҳам. 5. Аёл киши кичик ёшдаги болани ёки мажнунни ўзига яқинлик қилишга имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каффорот вожиб бўлади.
Рўзани бузмайдиган нарсалар
1. Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан ажраши керак. Агар ундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бузилади. 2. Назар солгани ёки ўйлагани оқибатида манийси тўкилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам рўзаси очилмайди. Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди. 3. Кўзига дори томизса ёки сурма қўйса ҳам рўзаси очилмайди. 4. Қон олдирса ҳам рўзаси очилмайди. 5. Мисвок қилса ҳам рўзаси очилмайди. 6. Муболағасиз оғиз бурунни чайса ҳам рўзаси очилмайди. 7. Ғусл қилса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранса ҳам рўзаси очилмайди. 8. Ғийбат қилса ёки оғзини очишни ният қилса ҳам рўзаси очилмайди. 9. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чангу ғубор ёки пашша кирса ҳам рўзаси очилмайди. Аммо рўзадорлигини эслаб туриб хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади. 10. Тиш олдириб қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўзаси очилмайди. 11. Эркак кишининг жинсий олатидан сув, мой ёки дори киритилса рўзаси очилмайди. Қулоқдан сув кирса ҳам, қулоқни ковласа ҳам рўзаси очилмайди. Аммо бу каби ишларни қилмаган маъқул. 12. Балғам ёки мишқининг кириш ёки чиқиши билан ҳам рўзаси очилмайди. 13. Ўз ихтиёридан ташқари ҳолда мажбур бўлиб қусса ҳам рўзаси очилмайди. 14. Тишлари орасида қолган нўхотдан кичик нарсани еса ҳам рўзаси очилмайди. 15. Жунуб ҳолида юриши ила ҳам рўзаси очилмайди. 16. Мускулга, тери остига ва укол қилиш билан ҳам рўзаси очилмайди.
Ҳанафий уламолар рўзадор киши учун макруҳ бўлган ишларни ҳам санаб ўтганлар:
1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш. Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин. 2. Сақич чайнаш. Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар. 3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар. 4. Қасд ила тупигини оғзида тўплаш ва уни ютиш. 5. Рўзадорни заифлашишига олиб борадиган қон олдириш каби ишларни қилиш.
****
РЎЗА ТУТИШНИ БОШЛАШ ВА ТУГАТИШ ҲИЛОЛНИ КЎРИШ ИЛА БЎЛУР
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «То ҳилолни кўрмагунча рўза тутишни бошламаганлар. То уни кўрмагунча оғзи очиқ бўлмаганлар. Агар сизлардан у булутла тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар», дедилар. Бешовлари ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида: «Рамазондан олдин рўза тутманглар. У(ой)ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар. Агар уни булут тўсиб қолса, ўттиз кунни мукаммал қилинглар», дейилган. Бухорийнинг лафзида эса: «Агар сизлардан булутлар тўсилиб қолса, Шаъбонни ўттиз кун мукаммал қилинглар», дейилган. Бошқа бир ривоятда эса: «Агар сизлардан булутла тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар», дейилган. Шарҳ: Ушбу ривоятлардан Рамазон ойининг бошланиши ва тамом бўлиши Рамазон ва Шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлиши таъкидланмоқда. Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги Шаъбон ойини ўттиз кунлик мукаммал қилиб кейинги кунидан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби, Рамазони ойининг йигирма тўққизинчи куни Шаввол ойи ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, Рўза тугагани ва эртасига ийд экани эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, Рўзанинг ўттизинчи кун ҳам тутилиб, кейин ийд қилинади. Айни шу хилда амал қилиш борлиқни яратган Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ равишда ойни белгилашдир. Айни шу ишни мусулмонларгина амалга оширадилар. Улар йилнинг ўн икки ойини ҳам ҳилолни кўриб ҳисоблашга бошлайдилар ва тамом бўлганини эътиборга оладилар. Ой ер куррасига ва ундаги мавжудотларга, жумладан, инсонга ҳам ўз таъсирини ўтказиши ҳаммага маълум, нима учун унинг ҳисобида таъсир бўлмаслиги керак? Энди мусулмонлардан бошқаларнинг ой ҳисобида мантиқ борми ёки йўқ эканини бир ўйлаб кўрайлик. Бир йил, балки бир неча йил олдин қайси ойнинг қачон бошланишини белгилаб қўйиб, ўша кунни ойнинг охири, ўртаси ёки бошқа пайти бўлишига қарамай ой боши, деб аташ мантиққа тўғри келадими? Албатта, тўғри келмайди. Шунинг учун, фақат мусулмонча ой ҳисобигина тўғри ва табиий, деймиз. Вақт ҳисобига ойни ўлчов қилиб олишда кўплаб ҳикматлар бор. Аввало, ой борлиқдаги энг катта аломатдан бири ҳисобланади. Ўшандоқ катта аломатни кўриб рўза тутишни бошлаш ва тамомлаш бу муҳим ишда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ва ҳеч қандай тараф ўзгартириш кирита олмаслигини таъминлайди. Ҳамма бандалар баробар бўлиб, Аллоҳнинг амри рўзани бошлаш ёки тамомлаш учун ўша буюк Аллоҳнинг белгиси бўлмиш ойга қараб туради. Иккинчидан, ой йилида янги йил ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Шунинг учун ҳам ҳар Рамазон аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йилда йилнинг ҳамма вақтида Рамазон тутилади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди. Бир минтақада доим қулай, бошқасида доимо ноқулай бўлиб қолмайди. Учинчидан, ойни кўриб рўза тутиш ва очиш барча мусулмонлар учун баробар ҳукм бўлиб, бу уларни бирликлари рамзи ҳамдир. Яна бошқа ҳикматлар ҳам кўп, ҳақиқий ҳикматларини эса Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз уммий умматмиз, ёзмаймиз ҳам, ҳисобламаймиз ҳам. Ой мана бундоқ, мана бундоқ бўлур», дедилар. Яъни бир марта йигирма тўққиз, бир марта ўттиз, демоқчилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган. Шарҳ: «Уммий» дегани, онадан туғилгандек ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган, дегани. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёзмаймиз, деганлари ўша пайтдаги арабларнинг ғолибо ҳолини эътиборга олиб айтилгандир. Аслида эса, араблар ичида ўша вақтда ҳам ўқиш-ёзиш ни биладиган кишилар маълум ва машҳур. Ўша оз сонли кишилардан баъзилари Қуръони каримни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзиб борганлари ҳам собит ҳақиқат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ҳисобламаймиз» деганлари мунажжимлик ҳисобларини эътиборга олиб айтилгандир. Шунингдек, бу ҳадиси шарифдан ой баъзида йигирма тўққиз кун, баъзида ўттиз кун бўлишини билиб оламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни икки қўллари панжалари ила ишора қилиб англатганлар. Бир марта ўнта панжаларини уч марта қайта-қайта кўрсатиб ўттиз кунни, иккинчи марта икки марта тўлиқ, бир марта бир панжани букиб, йигирма тўққизни ифода қилганлар.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бир ойга ийло қилдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгандан сўнг эса, эрталаб (ёки кечқурун) кирдилар. Шунда у зотга: «Сиз бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз?», дейилди. У зот: «Ой йигирма тўққиз кун (ҳам) бўлур», дедилар. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмади. Имом Муслим: «Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини бир-бирига уч марта; икки марта ҳамма панжаларини, учинчисида эса тўққиз панжани қўшиб кўрсатдилар», деган жумлани зиёда қилган. Шарҳ: «Ийло» шариатда эр кишининг хотини олдига маълум вақт кирмаслик ва унга яқинлик қилмаслик ҳақида қасам ичишини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналаримиз розияллоҳу анҳоларнинг олдиларига бир ой муддат кирмасликка қасам ичганлар. Йигирма тўққиз кун улардан бирорталарининг ҳам олдиларига кирмаганлар. Сўнгра эса, шу ривоятда баён қилинганидек, кириб келганлар. Шунда, бир ой ўттиз кун бўлади-ку, нима учун бир ойга ийло қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у муддат тамом бўлмасдан аёллари олдига кириб келдилар? деган савол пайдо бўлган. Баъзи кишилар буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатганларида У зот ой гоҳида йигирма тўққиз кун бўлишини, ўша ой йигирма тўққиз кунлик экани туфайли бир ойга қилган ийлолари бузилмаганлигини билдирганлар. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ҳам гоҳида йигирма тўққиз, гоҳида ўттиз кун бўлади. Буни эса, ҳилолни кўриш билан аниқланади.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки ийд ойлари, Рамазон ва Зул Ҳижжа нуқсонли бўлмас», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳақида бир неча хил таъвиллар айтганлар. Биз ўрганаётган ушбу бобга тегишли таъвилда эса, бир йилда икки ийд ойлари Рамазон ва Зул Ҳижжа баробарига нуқсонли, яъни йигирма тўққиз кунлик бўлмаслигини англатади. Бири йигирма тўққиз кунлик бўлиши мумкин, лекин иккиси бўлмайди.