Профессионал боксдаги илк мағлубияти
ортидан қарийб бир йил ўтиб, ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев
22 май куни 23.00 da Germaniya vaqti: яна рингга тушади. Профессионал боксда энг оғир вазн
тоифаси бўйича собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев чемпионлик камарига
қайта даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун австралиялик боксчи
Кали Мианга қарши жанг олиб боради.
"Руслан
ушлаган жойини кесмасдан қўймайди"
Ҳозир айни вазн тоифаси бўйича
чемпионлик камари британиялик боксчи Девид Ҳейдадир. Девид Ҳей
Русланнинг ашаддий рақиби, россиялик боксчи Николай Валуевни ер
тишлатиб, ушбу мақомга эришган ва яқинда пуэрторикалик боксчи Жон Руисни
енгиб, ўз чемпионлик шарафини яна бир бор ҳимоя этганди. Биз бўлажак
жанг арафасида Руслан Чагаевнинг мураббийларидан бири, ўзбекистонлик
донгдор боксчи Артур Григорян билан боғланиб, унинг жангга қанчалик шай
экани билан қизиқдик:
Артур Григорян: Руслан бўлажак
жангга жуда яхши ва жиддий тайёрланган. Руслан украиналик боксчи
Владимир Кличкога қарши сўнгги жангида бир қанча хатоларга йўл қўйганди.
Буни ҳаммамиз, энг муҳими, Русланнинг ўзи ҳам яхши билади. Шунинг учун
ҳам ҳозир машғулотларга зўр бермоқда. Тайёргарлиги аъло даражада.
Австралиялик бўлажак рақиби ҳам анойилардан эмас. Боксда ҳеч нарсани
аввалдан башорат қилиб бўлмайди. Аммо шундай бўлишига қарамасдан, биз
Руслан жангни олий даражада олиб боришига умид қиламиз. Чунки Русланнинг
профессионал боксдаги карьераси ана шу жанг натижасига боғлиқ. Ҳам
мураббийси, ҳам дўсти, ҳам биродари ва ҳам бир ватандоши сифатида
гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсам, Руслан менинг кўз ўнгимда
тайёрланди. Шунинг учун ҳам биз барчамиз ғалабага умид қилиб қоламиз.
Русланга яна ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш насиб этишини тилаб қоламиз.
Jurnalist: Русланнинг бўлажак рақиби
австралиялик боксчи Кали Миан ҳақида нима дея оласиз? Кали қанчалик
кучли боксчи?
Артур Григорян: Кали Мианнинг
зарбаси кучли. Агар бокс тилида айтадиган бўлсак, "нокаутга учратувчи”
боксчи. Чунки Кали 35 та жанг ўтказган бўлса, шундан 29 тасида рақибини
нокаутга учратиб, ғолиб чиққан. Демоқчиманки, нокаут масаласида
кўрсаткичлари Русланникидан яхши. Лекин тактикаси ва техникаси бўйича
Руслан Калига қараганда анча чидамли ва кучли. Шунинг учун ҳам биз
Руслан бор кучини намойиш этиб, дунёга яна бир бор профессионал боксда
энг оғир вазн тоифаси бўйича Жаҳон чемпионига даъвогарлик қила олишини
исботлашини умид қилиб қоламиз. Руслан ўз зиммасидаги масъулиятни яхши
ҳис этади ва кайфияти ҳам жанговар. 22 майда Русланнинг жангга бўлган
ёндашуви кўптомонлама ойдинлашади. Русланнинг ўзбекча феъл-атвори
ҳаммамизга яхши аён. Ушлаган жойини кесмасдан қўймайди. Бошқа томондан,
биз австралиялик боксчини Олмонияга таклиф этаяпмиз, демоқчиманки, жанг
"ўзимиз”да бўлиб ўтади. Шунинг учун ҳам олиймақом бокс кўрсатишимиз
лозим бўлади.
Jurnalist: Руслан бўлажак жангда
Ўзбекистон байроғи остида жангга тушадими?
Артур Григорян: Мен ҳам шуни
таъкидлаб ўтишни истардимки, Руслан Ўзбекистон байроғи остида рингга
тушади. Албатта, бу гал ҳам Ўзбекистон мадҳияси янграйди. Барчмиз ушбу
жангнинг биз учун муваффақиятли бўлиши ва бизга ғалаба келтиришини тилаб
қоламиз, шуни дуо қилиб қоламиз.
Jurnalist: Артур ака, мана сиз манаман
деган боксчисиз. Бошқа томондан, жангга ҳозирланаётган ҳар икки боксчини
яхши биласиз. Шундай экан, Руслан бўлажак жангда кўпроқ нималарга
эътибор қаратиши лозим?
Артур Григорян: Руслан гоҳида
жанг маҳали бироз ўзини йўқотиб қўяди. Бир йўналишга ёпишиб олиб, бошқа
ҳеч нарсани эшитмайди, кўришни ва билишни истамай қолади. Худди рингга
қўйиб юборилган роботга ўхшаб, фақат бир хил ҳаракатни такрорлайверади.
Лекин бу гал кўз ўнгимда тайёрлангани учун шуни айта оламанки, Руслан
ҳозир ҳақиқатдан ҳам буткул ўзгарган. Менимча, Владимир Кличкога қарши
жангдаги сўнгги мағлубияти Руслан учун яхши касбий ва ҳаётий сабоқ
бўлди. Руслан эътиборли бўлиши лозимлигини, ўзини нақд чемпион деб
ҳисобламаслиги кераклигини, ҳатто Худо насиб этиб, чемпион бўлган
тақдирида ҳам яна олдинга қараб шиддат билан интилиши лозимлигини англаб
етди. Машғулотлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Руслан бўлажак
жангга жуда пухта тайёргарлик кўрган. Биз бўлажак жангда Руслан ўзининг
нимага қодирлигини исботлашига умид қилиб қоламиз. Чунки менежери ҳам
бундан кейин бу боксчи билан иш олиб боришга арзийдими ёки йўқми деб
ўйлаб қолиши мумкин. Шу сабабдан ҳам Руслан бу гал аввалги жангларига
қараганда ҳам кўпроқ ҳаракат қилиши лозим бўлади. Руслан буни яхши
билади. Шунинг учун ҳам Руслан ўзининг бошқача эканлигини мухлисларга
ҳам, ўзига ҳам кўрсатиши керак. Биз ҳам шунга умид қилиб қоламиз.
Бўлажак жанг арафасида Руслан Чагаевга
тилакларингиз бўлса,
PASTGA IZOH QOLDIRING!