"Бавария" клубининг спорт ишлари бўйича директори Кристиан Нерлингернинг таъкидлашича, Европа грандлари қандай қийматдаги сумма таклиф этмасин жамоа аъзолари Бастиан Швайнштайгер ва Филипп Лам бошқа жамоага бериб юборилмайди.
"Биз жамоанинг ўйинини айнан шу футболчиларнинг атрофида шакллантирмоқдамиз, шу боисдан улар сотилмайди. Ҳар қандай катта пул бўлмасин, у бизнинг Швайнштайгердан воз кечишимизга лойиқ эмас. Бу гап Филипп Ламнинг трансферига ҳам тегишли, - дея 37 ёшли ишбилармон сўзларидан иқтибос келтирмоқда Bild нашри. - Мадрид жамоаси раҳбарияти Швайнини келаётган қишда ёки ҳеч бўлмаганда ёзги трансфер мавсумида сотиб олишни кўзлашмоқда. Аммо мен аминманки, яқин орада Бастиан клуб билан тузган шартномасини узайтиради ва жамоамизда қолади".