Санъатимиз примадоннаси устози, барча яккахон концертлари режиссёри Абдурашид Раҳимовнинг вафоти муносабати билан қаттиқ қайғуга ботди. Кўз ёшлар тўкди. Режиссёрнинг оила аъзоларига телефон орқали чуқур таъзия билдирди. -Мен учун Абдурашид аканинг вафоти катта йўқотиш. Бу инсоннинг кўп санъаткорларга фойдаси теккан. Унинг маслаҳатлари, бой фантазиялари билан концертларим жуда файзли ўтган. Ҳаёт шу экан... Наилож. Йўқотамиз, кўз ёшлар тўкамиз, ачинамиз, афсуслар чекамиз...Қабрларига нур таралсин, -дейди, Юлдуз биз билан мулоқотда. Ижодий янгиликлар борасида тўхталсак, Усмонова туркия ТВсида жонли интервьюларнинг азиз меҳмони бўлишда давом этяпти. Саволлар турфа, бироқ, примадоннани гап билан лоф қилиб бўлармиди?! Телебошловчилар ҳар гал суҳбатдан сўнг шоуни бу қадар қизиқ ўтказиб бергани учун хонандага миннатдорчилик билдиришяпти. Ахир, ижод борасидаги ҳақиқатларни рўйи рост гапириш ҳамма жойда ҳам бирдек эътиборни тортади! Яқинда, яна бир қизиқ маълумотга эга бўлдик. Турк санъатининг энг машҳур юлдузи Иброҳим Татлисас Юлдуз Усмонованинг энг яқин инсонларидан бирига таклиф билан чиқди. Унга кўра, у ўзининг шахсий самолётини примадоннамизга сотмоқчи эканлигини билдирган. Бироқ, ҳозирча таклифга жавоб йўқ! Шерали Жўраев билан бир пайтлар суҳбат қурганимизда, Иброҳим Татлисас билан яқиндан таниш эканлигини айтиб, бирга тушган фотосуратини ҳам кўрсатганди. Хулоса ўрнида шуки, Татлисаснинг санъатимизда тан оладиган иккита юлдузи бор! Кўплаб мухлислар учун бу йил 12 декабр куни Юлдуз Усмонова туғилган кунини қаерда ўтказиши жуда қизиқтиради. Ахир, ашаддий мухлислар учун бу кун байрам ва шоуга айланади! Маълумотларга қараганда, туғилган кунида хонанда ҳамкорлик қилаётган туркиялик ижодкорлар улар билан бир даврада бўлишини айтиб, ҳоли жонига қўйишмаяпти. Юлдуз эса 12 декабр куни ўз Ватанида бўлиш истагида! Примадонна қаерда таваллад кунини нишонламасин, ҳаммамиз унга чин маънодаги бахтни тилаб, қалбимиздаги илҳақ соғинчларни йўллайверамиз!
Дарвоқе, мободо туғилган кун ўзга юртда бўлса-да, бир гуруҳ энг таниқли санъаткорлар ва ашаддий мухлислар қутлаш учун шай туришибди!