Оғабек Собировнинг 10 кун концерт
бериши ҳақида эшитган, билган, реклама баннерларини кўрганларнинг
аксарияти ҳайратда. Ўн кун концерт бериш бундан уч-тўрт йил олдин урфга
киргани рост. Бир неча йиллар мобайнида фақатгина Юлдуз Усмонова икки
ҳафта мобайнида "Истиқлол” санъат саройида концерт бериш қурбига эга
эди. Кейин Озода Саидзода ҳам ўн кунлаб концерт беришга эришди. Ундан
сўнг Озодбек Назарбековга ҳам омад кулиб боқди. Мана энди, уларнинг
сафига қўшилай, ёхуд "улардан менинг нимам кам?” қабилидами Оғабек ҳам
шу йўлни тутди. Бироқ, унинг ҳаракатларида омаддан кўра кўпроқ мағлубият
кўриниш бераётгандек...Тўғри-да, бу хонанда беш кун концерт бериб, яна
шунча кунга арзигулик мухлис кўчада қолиб кетганмиди?! Олмахон Ҳайитова
бу хонанда исмини ўзига хос тарзда айтади: Оғавой! Шу ўринда бир гап:
қандай қилиб бундай ажойиб ишни уддалаяпсиз, аввало, омадингизни берсин!
Бироқ, унутманг, сунъий яратилган нарса барибир мўрт бўлади, синади!
Устига-устак, асл санъати бор инсонларга эса бундай сунъийлик ярашмайди
ҳам. Ўн куннинг охири Олмахон опа исмингизни ўзгача айтгани каби ...вой
бўлмасин-да!
Хулоса ўрнида шуки, Оғабек
Собировнинг пойтахтда оммалашган бирон хитини эслолмаймиз. Вилоятлардаги
шуҳратига ишонаётгандир, балки? Дарвоқе, энди Ойпопук ё яна кимдир
яккахон концертини 15 кун эълон қилса ҳам ҳайратга тушмаймиз. Буларнинг
ҳаммасига балки шунчаки оддий ҳол каби ёндашишимиз лозим бўлиб
қолгандай. Мухлислар талаби бир пул бўлдимикан? Кўча-куйда концерт
баннерларини кўриб ҳайратланасан киши, бир- иккитасини инобатга
олмаганда қолган барида мажбурийлик ҳисси ётгандай. Истаганларимизнинг
биронтаси йўқ, ҳеч кераги бўлмаганларнинг бари бор! Кулишни ҳам,
йиғлашни ҳам билмайсан.