Омад келса, бир келар...Бахт қуши бир қўнса, узоқ қўнар. Ушлаб қолишни, омад билан тил топишишни кимдан ўрганиш керак деган савол туғилганида, битта мисол келтирардим...Озодбек Назарбеков. Оила, рафиқа (йўғ-э, рафиқалар!)...бола-чақа, санъат, эл хизматлари...Ҳаммасини бирдек уддалаяпти. Бир пайтлар озодлигидан бир неча йилга маҳрум этилган хонанда ниҳоят, озодлигини топди. Озод куйлай бошлади! Кенг омма уни эл қатори қарши олаётган эди. Вақт ғалати-а...Ким тилидан еди, ким қилиғидан...Бировнинг мусибати, ким учундир омад эшикларини очди! Катта саҳналар Озоднинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Рақобат майдони уни янчиб ташлашга тайёр эди. Йўқ, паноҳида асралган бандаларига бошқаларининг қўл учи тугул, сўзининг "с”си ҳам етиб бормади! Озод янада эркланди ва эркаланди...У энди 10 кунлаб муҳташам концерт саройларини мухлислар билан тўлдириш имконига эга. Унга яқинлашиш ҳам амримаҳол бўлди. Концерт сифати-ку майли, бироқ, сони жиҳатидан ҳатто дунёда рекорд ўрнатди! Инсон сифатида ўрнак бўлишга арзигулик хусусиятларини сақлаб қолди. Ваъдасига вафодор, бағрикенглик...Катакдек офисига турли чеккалардан ташриф буюрган қирққа яқин шогирдни сиғдирди. Шу қаторга қўшилиш истагидаги яна юзлаб ёшларни айтмайсизми? Яхши инсон сифатидаги жиҳатлари, очкўз ва ичиқора эмаслиги ва бугунги муваффақиятларининг асосий сири у майдонга чиққанида рақобатнинг катта "куч”лари не учундир йўқолиб қолганини айтиб, тан олиши!
Хитлар, альбомлар, концертлар, гастроллар, мукофотлар, унвонлар...бутун бир миллат ва халқ меҳри- санъаткор учун бундан ортиғи бўлмаса керак. Озодбек Назарбеков ниҳоят, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвонигача етди! Бугун хонанданинг кўзларида қувонч ёшлари...У бундай улуғ дамларни раҳматли волидаси кўришини орзу қилганди...Ҳукумат бошини силаса, эл дуо қилмоқда...Шундай кунларга етгани учун, шукрона айтиб, кўз ёш тўкади! Энг муҳими, навбатдаги улкан поғонада шундай буюк эҳтиромга муносиб ижод билан яшаш!