Каран жоҳар ўйлаб фильм суратга оладиган ягона болливуд режиссёри. Уч йиллик изланишлари маҳсули "Менинг исмим хон” жаҳон кинотеатрларида намойишини бошлади-ю, миллионлаб томошабинларни ларзага сола бошлади. Ушбу кинокартина ҳинд кинематографияси тарихида катта бурилиш ясади. Хорижлик киномухлислар шу режиссёр яратган картиналар эвазига ҳинд фильмларига муҳаббати ошаётган бўлса, не ажаб?
Яқинда "Менинг исмим Хон”ни томоша қилдим. Айни пайтгача эса, ўн мартадан зиёд кўрдим.
Ризвон Хон Аспергерс синдроми билан туғилган болакай кези келиб турли ирқ ва дин вакилларининг қарашларини, дарз кетган муносабатларини қайта тиклашини бир тасаввур қилинг! Мандира АҚШга муҳаббати ортидан келиб, фарзандли бўлгач, турмуш ўртоғининг хиёнати билан оиласи парчаланган аёлнинг кези келиб Ризвон Хон қалбига йўл топиши, унинг умр йўлдош сифатида елкасига бош қўйиши...Ризвон Хоннинг ”Менинг Исмим Хон. Мен террорчи эмасман!” дея АҚШ президентига мурожаат қилишига ундаган инсон эса унинг рафиқаси Мандирадир.
Воқеалар ривожи шу қадар таъсирчан тус оладики, бехос фильм сценарий муаллифи Шибани Батижа ижодига қойиб қоласиз. Фильмнинг барча ижодкорлари ўз маҳоратларини юксак даражада ифода этишган. АҚШда 11 сентябр воқеаларидан сўнг мусулмон динига нисбатан ғазаб, нафрат ва душманларча кўз билан қараш бошланади. Мандиранинг ўғли Самир мана шундай ноҳақ ва нотўғри вазиятлар қурбонига айланади. Ўғлининг ўлимида Мандира ўзини ҳам айбдор деб билади. Агар, мусулмон инсонга, Ризвон Хонга турмушга чиқмаганида, шундай аянчли воқеалар содир бўлмаган бўларди. У Ризвондан воз кечади...
Таассуротларим ҳақидаги ҳикояга мана шу ерда нуқта қўйсам. Қолганини кейин сўзлаб бераман.