Гоҳо тушунмайсан, маданий ҳордиқни ҳам мажбуран олиш мумкинми? Устига-устак, ўзинг хоҳламаган, наинки истамаган балки танимайдиган санъаткорнинг концертида! Охирги йилларда айрим концерт ташкилотчилари томонидан шундай шармандаликларга ҳам йўл қўйиляпти. Исмини айтиб, изза қилмай қўя қолай, бир гулнинг номи билан аталувчи хонанда бор (сал диққатлироқ бўлсангиз кимлигини шу заҳоти топасиз!). Уч кун концерт бераяпти, "Истиқлол”да.(Бундай санъаткорларнинг сафи ортиб бораётгани сир эмас. Бу аёл хонанданики эса ҳаммасидан ўтиб тушди!) Чипталарнинг аксарияти эса "Абу-сахий” бозори сотувчиларига мажбурлаб ўтказилаётгани ҳақида эса ҳамма жойда дув-дув гап! "Нима қипти, боплапти”, "Эпласанг, қандингни ур” дейдиганлар топилар орангизда...Сиз ҳам шундай мажбурийликка бош эккан харидор бўлиб кўринг-чи? Фиғонингиз қайнайди! Бозорчилар рўзғорига икки килограмм гўшт олиб киришни ўйласинми ё тўрт кг. гўшт пулига ўзи танимайдиган санъткорнинг концертига чиптани бартер қилсин? Нақадар кулгули ва аянчли! Ташкилотчиларга ҳам ҳайрон қоласан, киши. 4000 кишилик залнинг ярмидан кўпи на қарсак чалишини билмай, на бир фоиз ҳордиқ олганини сезмай, балқи ич-ичидан қарғаб ўтирар...Бундай концерт кимга ёки нега керак? Шунинг учун ҳам сохталик барибир сохта-да! Нима, эшакка бир қоп китобни юклаб қўйганингиз билан олим бўлармиди? "Мажбурланган”лар билан тўлдирилган саройда қўшиқ куйлаган ҳофиза юлдуз бўлармиди? Бундайлардан жонли ижро дея лоф этилган томошабинларни кўра туриб ўчиқ микрофон ҳам уялса керак! Тўғри, концерт бериш ҳар бир хонанданинг улкан орзуси. Бироқ, шунчаки хоҳиш билан Яратганнинг иродаси ўртасидаги фарқни ҳис қилишга дилимиз шу қадар ожизми!? Эътибор берсангиз, мана шундай лаганбардорлик ва лоқайдлик туфайли санъатимиз сифат эмас соннинг қурбонига айланиб боряпти. ТВга боқсанг ҳам шу...Радиони тингласанг ҳам шу...Концертлар ҳам шу аҳвол! Тозалик ва тозаланиш, сараланиш палласи қачон бошланади? Қачон ҳомий орқали ясама истеъдодлар сал тин олиб, уларнинг ўрнига узоқ қишлоғида катта-катта шаҳарлардан устун истеъдоди бор ёшлар овози бонг уради? "Ҳа, бир гап бўлар” дея қўл силташ ҳар биримизнинг қўлимиздан келади. Бироқ, виждон-чи? Шундай экан, виждон азобини кўпроқ мутасаддиларда кўргим келди...Ахир, оддий мухлиснинг бу борадаги аччиқ гапини ким ҳам писанд қиларди? Эҳ, ҳар биримизга Яратганнинг ўзи инсоф берсин!