Кутилган воқеа содир бўлди. Бугун "Бунёдкор” Сколари бошчилигидаги мураббийлар штаби билан расман хайрлашди. Лузи Фелипе Сколари билан хайрлашув маросимига бағишланган матбуот анжумани яқиндагина ўз ниҳоясига етди. Бразилиялик мураббий иштирокида Ўзбекистондаги сўнгги матбуот анжумани билан сизларни таништириб ўтамиз.
Луиз Фелипе Сколари: — Биз клуб раҳбарияти билан келишган ҳолда амалдаги шартномани бугундан бошлаб тўхтатишга қарор қилдик. Бу қарор мен учун ҳам, "Бунёдкор” ҳам ҳар томонлама фойдали бўлади деб ўйлайман. Бундан ҳар иккала томон ютади. Менинг олдимда ишлаш учун бошқа варинатлар пайдо бўлди. "Бунёдкор” билан тузилган шартнома 1,5 йилга мўлжалланганига қарамй, клуб раҳбарияти ва менинг ўртамда дўстлик риштлари узилмайди. Барчамизни қониқтирадиган варинат пайдо бўлганида биз барчамиз замонавий фикрлайдиган, маданиятли инсонлар каби барча масалаларини охиригача гаплашиб олдик. Мен клубга бир йил аввал қандай хурсандчилик билан келган бўлсам, ҳозир ҳам айнан шундай кайфиятда клубни тарк этяпман. Бу ерда олиб борган ишимдан мамнунман. Бир йил Тошкентда, Ўзбекистонда яхши ишладим ва яшадим. Ҳаётимнинг мазкур қисмини ҳечам унутмайман. Менинг кичик ўғлим 2 кун аввал Тошкентдаги халқаро мактабни тугатди. Бу жуда яхши, талабчан мактаб. Мана шу мактабни битирганидан сўнг, ўғлим учун кўпгина университетлар учун имкониятлар очилди. "Бунёдкор” билан ишлаган даврим мобайнида барча ўз ишини охиригача етказди, деб ўйлайман. Мураббийларнинг иши шунақа. Бугун бу ерда бўлса, эртага бошқа жамоада ишлашига тўғри келади.
Таваккал Исмоилов ("Бунёдкор" ижрочи-директори) — Жаноб Сколарини "Бунёдкор”га олиб келишдан асосий мақсад, Ватанимизни обрўсини, шаънини жаҳонга таратиб, юртимиз футболини ривожлантиришдан иборат эди. Бунақа мураббийни олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Биз у билан дўстона шартнома тузган эдик. Шартнома бандларига кўра, у ўзи истаган пайтда клубдан кетиши мумкин эди. Биз Сколарининг олдига ОЧЛ каби мусобақаларни ютишни вазифа қилиб қўймагандик. Ҳозир эса Европанинг бир нечта жамоалари Сколарига яхши таклифлар билан чиқишди. Бундан ташқари у ўғлининг келажаги ҳақида ҳам қайғурмоқда. Шунга қарамай, биз билан ҳамкорлик қилгани учун жаноб Сколарига миннатдорчилик билдирамиз.
— Битта савол барчамизни қизиқтиради. Бошқа юртларда ишлаганингизда, ташриф буюрганингизда, Ўзбекистон қандай давлат экан, деб сиздан сўрашганида, бу саволга қандай жавоб берасиз? — Мен шу пайтгача Ўзбекистон ҳақида нимаики сўзлаган бўлсам, барчасини чин дилдан гапирганман. Ўзбекистон ҳаётимнинг бир қисми бўлди. Клуб вице-президенти айтганларидек, биз дўстона шартномага имзо чеккан эдик. Мана шу дўстлик шаъни туфайли биз 1 йил биргаликда ишладик. Бундан кейин қайси давлатга бормай, Ўзбекистон ҳақида фақат илиқ фикрларни айтаман. Яна бир марта айтаман, бу ердан кетишимнинг асосий сабаби — оилавий масаладир. Ўғлимнинг тақдири мен учун ҳар доим асосий ўринда туради. Футбол эса ундан кейинги масала. Бу ердан кейин аввало ЖАРдаги ЖЧга бораман. У ерда Ўзбекистон ҳақида гапиришга имконият бўлади. Юртингиз қандай мақтовларга лойиқ бўлса, мен айнан шундай мақтовларни гапираман.
— Жаноб Сколари, "Бунёдкор”дан кейин дарҳол янги жамоада иш бошламасдан, қисқа вақт бўлсада, футболдан дам олиш ниятингиз борми? — Бу ердан 3 июнь куни жўнаб кетсам керак. Аввал ўғлимнинг университет билан боғлиқ ишларини ҳал қилиб олишим керак. Бу ишга тахминан 15-30 кун вақт кетади. Ўғлимнинг университетга кириши билан боғлиқ масала ҳал бўлганидан сўнг, бошқа жамоаларнинг таклифини ўрганаман. Бу анча вақтни олади.
— Сизга қизиқиш билдирган жамоаларнинг номларини санаб ўта оласизми? — Европадан 2 та, Осиё давлатларининг 2 та ва Бразилиянинг 2 та гранд клубларидан таклифлар тушган. Агар ким мени шартнома асосида ишга олмоқчи бўлса, ўғлимнинг университети билан боғлич масала ҳал бўлгунига қадар, сабр билан мени кутиши керак бўлади. Агар кутишни истамаса, мен йил охиригача маза қилиб дам оламан.
—ЖАРда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қайси жамоаларнинг имкониятини юқори баҳолайсиз? — Анъанага кўра фаворит жамоалар ўша-ўша: Бразилия, Аргентина, Италия, Германия, Англия. Мухлисларнинг эътиборида бўладиган ва узоқроққа бориши мумкин бўлган жамоалар эса: Португалия, Сербия, Голландия жамоаларидир. Сюрприз тақдим этиши мумкин бўлган бошқа жамоаларни кўрмаяпман.
— "Бунёдкор” клуби инфратузилмаси ва ўзбекистонлик журналистлар ҳақидаги фикрларингиз. — Клуб инфратузилмасининг ривожланиши босқичма-босқич амалга ошадиган ҳолат. Йилдан-йилга жон-жаҳд билан ишлаб, шароитларни яхшилаб бориш керак. Жамоа ходимлари ҳар куни ўз устида ишлаб, кундан-кунга клубнинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшиб боришлари керак. Ўзбекистонда футболнинг ривожланишини "Бунёдкор” масаласида кўриб, ундан ўрнак олиши керак. Мамлакат ҳам футболнинг ривожланишига эътибор қаратиши керак. Журналистларнинг савол беришидаги маданиятини кўрганимда қойил қоламан. Айтилган фикрларни охиригача эшитишади. Ўзбек халқидаги ҳислатлар журналистларда ҳам бор. Мен журналистлар билан ҳар доим яхши муносабатда бўлганман. Биз мураббийлар — Сколари, Прачиделли, Тейшейра ва Шнайдерлар барчага раҳмат айтамиз. Биз билан яхши муносабатда бўлишгани учун барчага ташаккур айтамиз. Клуб ходимлари имкон қадар бизга ёрдам беришга интилишди. Ўйинчилар ҳам профессионал сифатида ўсишди. "Бунёдкор”нинг бир нечта футболчиларига араб давлатлари клубларидан таклифлар тушди. Ўйинчилар ўзларининг профессионаллиги орқали бошқа клубларда ўзларига нисбатан қизиқиш уйғота олишди. Бундан кейин клубда Қосимов бош мураббий сифатида ишни давом эттиради. Умид қиламан, клуб бундан кейин ҳам 4-5 йил давомида янада ўсишга эришади. Клубнинг ўсиши эса миллий терма жамоанинг ўсишига ёрдам беради. Ана шунда терма жамоангиз ҳам юқори чўққиларга эришади. Мен фақат битта нарсадан ҳафаман. Янги стадионнинг битишини кўра олмадим.
— Ўзбекистондаги қайси мураббийларнинг ишлаш принципи сизга ёқди? — Ўзбекистонлик футболчилар жуда яхши сифатларга эга. Улар озгина ўз устиларида ишлашлари, юртингиз яхши стадионларга эга бўлиши, техник машғулотлар олиб бориш учун шароитлар бўлиши керак. Шунда Ўзбекистон футболи ривожланиб боради. Ўзбекистонда яхши мураббийлар ва яхши жамоалар бор. Камчиликлар эса унча кўп эмас. Ўзбекистон ҳукумати ва ЎФФ юртингизда футболнинг ривожланиши учун катта ёрдам бериш имкониятига эга.
— Мураббийлар штабидаги мутахассислар сиз билан кетишади ёки улар клубда қолишадими? — Мен Тейшейра билан 28 йилдан бери, Шнайдер билан 10 йилдан бери ва Прачиделли билан 13 йилдан бери ишлаб келяпман. Булар менинг иш гуруҳим ва оиламнинг бир қисмига айланиб кетишган. Булар менинг содиқ дўстларим. Улар мен билан кетади. Лекин ҳозирча ҳар ким ўз уйига кетади. Қачон бирлашамиз, буни вақт кўрсатади. Сўзимнинг якунида мен барчаси учун миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистонда 1 йил ишлаб, Ўзбекистон чемпионатида 1 та ўйинни ютқаздик. У ҳам бўлса Кубок финалида фақат "Пахтакор”дан мағлубиятга учрадик. Қолганлари эса юқори даражада бўлди. Бу эса мураббий учун энг керакли нарса.
Матбуот анжумани сўнггида клуб раҳбарияти томонидан Луиз Фелиппе Сколарига эсдалик учун зарбоп тўн ва дўппи кийдирилди.
|