Шоира Раъуфбоева (киношунос-журналист, "Кинотеатр” кўрсатувининг бошловчиси ва муаллифи) - Ҳозирги кунда ўзбек киносида янги мавсумга катта тайёргарлик жадал кетмоқда. Янги мавсумни янги филмлар билан бошлаймиз. Премъераси бўлиб ўтиши режалаштирилаётган филмлар орасида энг катта шов-шувга сабаб бўладигани фақатгина икка ёки учтани ташкил қилади. Бу ҳам биз киночиларнинг таҳмини ҳолос. Албатта ҳаммаси томошабинга боғлиқ.
Энг аввало таниқли режисёримиз Рустам Саъдиевнинг "Ўғри келин” филми ҳақида гапирмоқчиман. Улуғбек Қодиров ва Дилноза Кубаеванинг картинадаги бош ролни талқин этиши қайсидир маънода филмнинг омадли ва кассабоб бўлишини таминлаб, "Телба” филмининг муваффақиятини такрорлаши мумкин.
Ҳар доим ҳеч ким эътибор қилмайдиган, кўпчилигимизнинг назаримиздан четта қолиб кетадиган мавзуларга мурожат қиладиган Саид Мухторов ҳам янги мавсумга ўзининг "Девона” филми билан чиқишга шай турибди. Унинг "Фарёд” филими энг омадли режисёрлик иши десак муболаға қилмаган бўламиз. Янги картинада девона аёл ролини унинг собиқ турмуш ўртоғи Мадина Муҳторова ижро этган бўлса, унинг эри ролини яратиш Убайдулла Омонга топширилган. Филм суратга олиш жараёнларининг гувоҳи бўлганим сабабли картинанинг омадли чиқишини башорат қила оламан.
Кино бозорига ўзгача нафас билан кириб келган режисёр Жавлон Шодмонов ўзининг навбатдаги "Кичкина ҳўжайин” филми орқали бош қаҳрамон Алишер Узоқовни томошабинлар учун янги қирраларини очиб, танқидчилар томонидан унга нисбатан билдирилган эътирозларга батамом барҳам берилишини таъкидлади.
Аксарият филмларида эркаклар мавзусига мурожат қиладиган Зебо Наврўзованинг янги филми "Онаизор”деб номланиб, бош қаҳрамон аёл образини Феруза Собитова талқин этган. Ушбу филм ҳам муваффақиятли чиқишини тахмин қилсак бўлади.
Таниқли актёр Отабек Мусаев янги "Юзма-юз” номли филмга продюсерлик қилди. Рустам Саъдиевнинг "Келгинди келин” филмининг қаҳрамонлари бўлмиш Фарруҳ Соипов ва Дилноза Кубаеваларни ушбу картинада бирга кўришимиз мумкин.
Хуллас, вақт илдамчи, вақт ҳаракатда, вақт тўхтамас, вақт бунёдкор...вақт ҳакамдир!Ижодкорлар маълум вақт давомида ижод маҳсулларини яратаверади. Вақт эса ўз баҳосини одилона тарзда бераверади. Дарвоқе, журналист башоратининг қай даражада тўғри чиқишини ҳам вақт кўрсатади.