Мўъжиза излашади. Кўриб турганимиз, билиб турганимизнинг бари мўъжиза-ку, аслида. Яратган ягоналигини кечаси ой, кундузи қуёш билан исбот этиб қўйибди-ку? Антарктида ҳам шу қуёш, Арктикада ҳам... Америкада ҳам, Австралияда ҳам... Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шу Ой! Бандалари зерикиб қолмаслиги, узоқ йиллаб ҳаётни қизиқиб ўрганиши учун оламни чексиз, сайёраларини шарсимон қилиб яратган бўлса, ажабмас... Фоний ҳаётда бир умр яшаб қолиб, менга у дунёсини кўрсатмади дея нолиб қолмаслиги учун бандаларига боқий ҳаётни ҳам тайёрлабди. Яхшиси ҳам, ёмонига, аросатда яшаб ўтганига ҳам жой белгилаб қўйибди! Тақдирни-ку битибди, танлаш имкониятини ўзига қўйиб берибди... Яна не керак? Дин, миллат, тил билан ажралмайлик... оқ танлими, қора танлими, ночорми чоралими... ҳаммамизга бир хил шакл ва ҳажмдаги бир дона юрак билан ИНСОН деган буюк унвон берибди! Шу унвонга бугун қай биримиз қай даражада муносибмиз? Бирғ-биридан ўксиб юрмасин дея ҳар биримизни она қорнидан туғилишга муносиб кўрибди...Осмондан тушиб қолган ё ердан чиқиб келган кимни кўрдингиз? Нечта банда бўлса барини бирдек севибди...Уни англаш учун иймонни ҳам берибди. Қай биримиз, қай даражада ҳис этяпмиз? Жон ато этган барча жонзотига ризқ ҳам берибди...Нафсимизни ё тийдик, ё йўқ...? Тирик ва ўлик фарқ қилсин дея руҳ ҳам берган. Руҳга азоб бердик, алдадик ё аксинча...
Кун чиқиши, кун ботиши...Оддий ҳолдек. Икки кун тонг отмаса нима бўлади, ўйланг-чи?
Ер айланяпти... Ўз ўқи ва қуёш атрофида. Соат, кун, ой, йил, аср...Вақтга шундай ном бердик ва ўлчадик. Аслида, ер қандай айланяпти, нега айланяпти? Мўъжиза излайсизми, яна?
Яшашнинг баҳосини нима билан ўлчайсиз? Узоқ умр? Тоат-ибодат? Эзгулик ва яхшилик? Комиллик? Орзулар рўёби?
Яхшилаб ўйланг. Сиз қандай инсонсиз? Сиз қай даражада яхши инсонсиз?
Аристотель, Цезарь, Махатма Ганди, Навоий, Бобур... ... ёки шунчаки ён қўшнингиз...ҳамма ўтади. Кимга қандай пешона битганида!
Соқовми кўрми, ўғрими ғарми, пулига сиғинаётган бойми, ўнта ямоғи бор юпунми, дунёни қўшиғи билан забт этган юлдузми ё шу қўшиқларга бемор бўлган мухлисми... ким ўтмайди, дейсиз?
20, 40, 60, э, боринг-ки 100... сонлар белгилаган умримиз борида яхши яшаб қолишга улгурайлик. Насиб этса, ўттизимда, етмишимда деймиз... Кўз очиб юмгинимизгача ўтиб кетади.
Юқорида ёзилгани каби ўша буюк унвонга- ИНСОН номига муносиб бўлиб яшаш ҳар биримизга насиб айланган бўлсин! Рамазонда пок орзуларимиз рўёбга ошсин! Омин!