Ўзбек
киносида шундай қиёфалар борки, улар мухлис қалбига гўзаллик тимсоли
сифатида кириб борган. Юзидаги ҳуснига Ҳақ шафоат этгандай...Гулчеҳра
Эшонқулова. Истеъдодли актриса. Унинг мафтункор чеҳраси эса минглаб
мухлисларининг эсини оғдирган. Тўғри, Гулчеҳранинг ашаддий мухлиси
эмасман. Бироқ, суҳбатдаги чўрткесарлиги, баҳслашиши, умуман, энг
талабгор актрисалардан бири сифатида ҳурмат қиламан. Кўп жиҳатлари
Прити Зинтага ҳам ўхшаб кетади...Яқинда актриса ижросидаги янги бир
фильмни томоша қилдим. Бу ролни ундан бошқаси бу қадар ишонарли ва
таъсирли қилиб ижро эта олмаслигига ишондим. Юзидаги неча йиллик
оғриқлар акси, ҳаётдаги биттагина яшаш умидида қолган қизнинг образини
чинакам кўзёшлар билан ифода этиш, керак бўлса шу образ учун ногиронлар
аравасида михланиш...Бу фильмни фақат кўриш керак! Таъсирландим-у,
Гулчеҳрага қўнғироқ қилдим...
-Ҳаракатсиз, ҳар бир ҳолатни кўз
билан ифода этиш жуда мушкул. Оёқни умуман қимирлатмаслик керак. 28 кун
мобайни фильм суратга олинган бўлса, ҳар гал образим яратиш мени
қайта-қайта қайғуга ботираверди. Худойим етти мучамни соғ қилганига
шукур қилдим. Ногиронларга жуда қийинлигини билдим. Умримни охиригача
ҳам уларнинг ичидан ўтаётган дардни ҳис қила олмасак керак. Бу фильмда
ҳақиқий севги бор. Ҳар томонлама муҳаббат акс этади. Ота-онага,
севгилисига, ҳаётга...Ногирон қизга юрак бериш марднинг иши. Фильмга
яхши актёрлар танланган.
-Энг ҳайратланарлиси, кўз ёшларингиз... Табиий чиққан.
-Роль
ўйнаганимда, мен ўйнамайман, яшайман. Сценарийни ўқисангиз, сиз ҳам
йиғлардингиз. Ҳолатга киришдан олдин ўзимга вазифани бераман ва
бажараман.
-Чин муҳаббатга ишонасизми?
-Ким ишонмайди? Албатта ишонаман. Тирик жон борки, севади, севилади.
-Ўзингиздан келиб чиқинг-чи?
-Менга кинодан савол беринг!
-Қайси фильмларни кутяпсиз?
-Менинг
ҳаётим фақат кинодан иборат эмас. Дам оляпман. Драматик фильмлардан
кейин дам олиб туриш керак. Оилам даврасида кўп вақтимни ўтказяпмиз.
-Сизни Қашқадарёнинг Китобидан дейишади...
-Йўқ Шаҳрисабздан.
-Синфдош дугоналар ҳам ижодингиз ҳақида қизиқиб турадими?
-Неча йил бўлди кўришмаганимизга...Уларнинг кўпи хорижда. Интернетда гаплашиб турамиз.
-Кимнинг танқидини кўтара олмайсиз..
-Танқидлардан хурсандман. Ҳар бир хатоимни тузатишга кўмаклашади. Шунинг учун , мақтовдан кўра танқидни яхши кўраман.
-Унда бир танқид қилай-чи? Яатаётган ролларингизда бир хиллик бор...
-Мен
унақа деб ўйламайман. “Шабнам”, “Фериде”, “Жаноб ҳеч ким”даги ролларим
бир-биридан жуда катта фарқ қилади. Мен бир хилликдан қочаман.
-Жуда асабий актрисасиз. Нега?
-Ҳаммада асабийлик бор. Қанақа савол беришса, шунақа жавоб олишади. Яхшига яхши, ёмонга ёмон.
-Демак, ёмондан қасд оласиз?
-Йўқ.
Ёмонларнинг ҳам борига хурсандман. Уларга таъзим киламан. Ёмонликларни
кўриб, хулоса қиламан. Яхшиямки, яхши инсонлар билан ишлайман.
-10 йилдан кейин ўзингизни қандай тасаввур қиласиз?
-Ширин-шакар болаларнинг онаси бўламан. (кулади)
-Вақт бизни кутмайди. Оила қуришга шошилиш пайти эмасми?
-Шошмайман. Мен тез оила қургандан кўра, ўзимнинг чин муҳаббатимга етиб, у билан бир умр гўзла ҳаёт кечиришни афзал биламан.
-Шундай инсонни топа олдингизми?
-Ҳа десам ҳам бўлади.
-У ҳам ижодингизга мухлис бўлганми?
-Йўқ. Ҳеч қачон.
-Қизиқганмисиз, у нега сизни севади?
-Ўзимни.
-Характерингиз ўзгарувчанми?
-Мен ҳар доим ҳар хилман. Уйда, ишда, кўчада...
-Демак, актрисалик қиласиз...
-Актрисалик
килганимда, кўп нарсага эришардим! Ота-онамга дўстман, қаттиққўл
опаман, севгилимга эса... бунисини айтмайман. Мен дугоначиликка,
умуман, яқинларимдан бошқа ҳеч кимга ишонмайман.
-Ишонч ҳиссингиз нега сўнган?
-Ишонмайман, чунки!
-Қайси актрисага ҳурматингиз баланд?
-Ҳаммасига ҳурматим баланд?
-Сизнингча, Диананинг истеъдоди кучлими ё сизнинг?
-Ҳечам
бу саволингизга жавоб бергим келмаяпти. Нега мени у қиз билан
тенглаштиришасиз? У актрисаликдан ижодини бошламаган-ку? Менинг актриса
сифатида олти йиллик ижодим бор.
-Дилноза Кубаева мукофот олганида, жиғибийрон бўлган экансиз!
-Кулгули гап. Тақдимотлардан сўнг ҳар гал шундай мишлар тарқалади. Аксинча, хурсанд бўлганман.
-Жуда инжиқсиз...
-Инжиқ инсон ишида доим сифат бўлади. Ҳаётда инжиқ бўлганим учун ҳам шу кунларга етишдим, деб ўйлайман.
-Қай даражада сувратан гўзалман деб ўйлайсиз?
-Кўпчилик чиройлисиз дейишади. Бироқ, мен ўзимни мақтаб, аҳмоқ деган гапни орттириб олмоқчи эмасман.
-Тақдирга ишонасизми?
-Албатта.
Кичик бир мисолни айтай. Бир пайтлар Санъат журналистикасига ҳам ҳужжат
топширганман. Давлат тест имтиҳонига кирмасдан шунчаки кетиб қолганман.
Қайдан билай, балки тақдирим қайтарган бўлса керак, бу йўлдан!
-Диана Ягофарованинг ижодига муносабатингиз?
-Унинг ўйнаган ролларидан “Суперкелинчак”ни кўрганман. Бу фильм жуда кассабоп бўлди. Шу!
-Фильмда сизга энг зўр партнёр ким бўлиши мумкин?
-Улуғбек
Қодиров билан бир қадамда бир-биримизни тушунамиз. У билан бирга таҳсил
олганимиз учунми?! Талабалик пайтимизда “Бой ила хизматчи”даги Жамила
ва Ғофурни ўйнаганмиз. Биз бир биримизни тушунамиз. Шу боис ҳам партнер
сифатида ролларимиз ишонарли чиқади.
-Адиз Ражабовнинг ҳозир рейтинги баланд. У жуда иқтидорли. Сизнингча-чи?
-У молодец. Ўртоқ ва инсон сифатида жуда ҳурмат қиламан.
-Бир маълумотга ойдинлик киритсангиз. Туркияга Тоҳир Содиқов билан бирга дам олиш сафарига кетган экансиз...
-Мен
Туркияга дугонам билан бордим. Ўзим учун дам олиш зўрға имкон топдим.
Ахир, кетма-кет 6-7 та фильмдан суратга тушиб, чарчадим. Тоҳир
Содиковни жуда ҳурмат киламан. Лекин бу гап ёлгон! Мен ҳайронман.
Миш-мишларга ҳақ ё ноҳақлигини исботлашни умуман хоҳламайман. Бу гапни
ким тарқатган бўлса ҳам билмадим, инсоф берсин. Қиз бола қаерда дам
олгиси қайсидир йигит биландир бориши керакми?
-Мухлисларингиз безовта қилиб турадими?
-Мухлисларим безовта қилишмайди, хабар олиб туришади.
Ҳамиша
шундай муносабатда бўлинг, азиз мухлисларингизга, азиз машҳурлар. Ҳаёт
ўз измида кетаверади. Яратган бераверади... Олиб қўймасидан қадрига
етмоқ керак! Гулчеҳра Эшонқулова. Иқтидорли, мафтункор актриса. Бу
статусни узоқ сақлаш керак! Аслида бу ҳам унинг ўз қўлида! Мана шундай
яхши роллар яратавер, Гулчеҳра! Мухлисларинг эса садоқатли мухлис бўлиб
қолаверсин! Ҳа, шундай!