Ғарбликлар соатларини Гринвичга қараб тўғрилашса, араб олами учун ушбу вазифани Макка бажаради.
Айни шу муносабат билан Ислом оламининг энг муқаддас қадамжосида муборак Рамазон ойининг илк кунида дунёдаги энг йирик соат ишга туширилди.
Саудия қироллигининг "Биг бен"и Британия қироллигидагисини ҳам ортда қолдириб кетди. Ўзиям соатмисан соат - ҳозирча дунёда ҳеч бир томонлама унга тенг келадигани йўқ.
Лондон "Биг Бен"идан ўзиям олти марта катта.
Узунлиги нақ 40 метр келувчи соат ердан 400 метр баландликда жойлашган. Соат механизми ўрнатилган минора эса, 601 метрни ташкил этади.
Дунёдаги бундан баланд минора фақат Дубайдаги "Бурж Халифа"дир. Унинг узунлиги 828 метрни ташкил этади.
Янги мажмуа меҳмонхона ва турар-жой биноларини ҳам ўз ичига олган жаъми етти минорадан ташкил топган. Бутун механизмнинг оғирлиги эса, 36 тоннани ташкил этади.
Мажмуадан дунёдаги энг катта лифт ҳам ўрин олган.
"Ал-Арабия" телевизион каналининг хабар беришича, Макканинг энг асосий соатига ниҳоятда аниқлик билан ишлашини таъминлайдиган механизм ўрнатилган.
Бу эса, қироллик аҳолиси ва ҳар йили Ҳажга келувчи зиёратчиларга соатга қараб, намоз вақтини аниқ белгилаб олишларига имкон беради.
Азон вақтида соатни Саудия Арабистони байроғини акс эттирувчи оқ ва яшил рангдаги 21 мингта чироқ ёритиб туради.
Чироқларнинг ёғдусида соатни 30 чақирим узоқликдан кўриш мумкин бўлади.
Ердан кўкка қараб 10 чақиримга йўлланган 16 та нур эса, соатни ҳатто самолётдан туриб ҳам кўришга имкон яратади. Ҳар бир нурнинг қуввати 10 кВтни ташкил этади.
Миноранинг ўзидан туриб эса, бутун Маккани томоша қилиш мумкин бўлади.
Замонавий технологиялар воситасида дунёдаги энг йирик соат шамол, чанг ва ёмғирдан муҳофаза қилинган.
Соатнинг асосий механизми ниҳоятда кучли қуёш батареяларидан баҳра олади.