Қушда тиним бор, табиатда ором...Бироқ, бир санъаткор борки, ҳеч ҳам шунчаки қўним ва дам олиб ўтиришни билмайди. Кечаю кундуз ижод қилгани қилган. Неча йилларки, унинг санъатини қайнар хумчага ўхшатамиз. Булоқ бўлсаки битар, бироқ, унинг ижод булоғи асрларга татигулик, чамамда. Бу борада Юлдуз Усмоновадаги ўзига хослик- кўтаринки руҳият ва оптимистик куч энг катта кўмакдош бўлса керак. Примадоннанинг турк юлдузлари билан куйлаган дуэтлари нафақат хитга айланди, балки, турк дуэтдошларини минглаб ўзбек мухлислари орасида танитиб, машҳур қилиб юборди. Юлдузнинг Левент Юксал билан куйлаган "Ялан”, Яшар билан куйлаган "Сени севардим” дуэтларига ишланган клиплари жуда катта қизиқиш билан қарши олинди. Навбатдаги янги клип ҳам худди шу каби ҳайрат ила кутиб олинишига ҳеч ҳам шубҳа йўқ. "Ковма калбинден” таронасига клип сурат олиш жараёнида хонанда денгиз соҳилида куйлади. "Ковма калбинден” Юлдузнинг "Дунё ўзи шунақа” қўшиғининг туркча варианти бўлиб, ўзига хос тарзда куйланган. Клип таассуротларини сиз билан ўртоқлашишни лозим топдик.
...Денгиз соҳили, мавжланган тўлқиндан сийланган қум, шу романтик муҳитга ажиблик бахш этиб санъаткор куйлайди...
Клип лавҳаларида замонавий ҳаёт...бироқ, неча йилларки инсоният қалб кечинмаларига хослик, муҳаббат, дард, хиёнат...Севишган қалблар. Чарх урган муҳаббат. Адашибми, билибми-билмай ё ўткинчи ҳислигини сезмай қолган йигит бошқага бир кеча ё бир йилга кўнгил бергандек бўлади. Ваъдалар ёлғон, ўртада севги гирён, қалбга дарз кетади...Севган қизнинг аҳволи шу! Кўз ёшлар тўкилади, кимники изтиробдан, кимники хато қилмишини англаб... Ўртада энди нима қолди? Қиз йигит қалбини тарк этишга чоғланади...Йигитнинг эса биргина нидоси бор: "Мени қувма қалбингдан...”.
Оригинал мусиқа, дардли оҳанг ва албатта, ўзбек санъатининг бетакрор овозидан яралган бу қўшиқ ва мазмундор клип қалбингизни ўртайди ва сабоқ бўлади...
Агар баҳолаш фикри айтилса, янги клипга ва хонанданинг имижига имкон бўлса "ТАСАННО” сўзининг қийматини кўрсатган бўлардим.