...Чипта талаш бўлганини эшитганмисиз? Саъдиевнинг бундан 10 йил олдинги "ура-ур” муваффақият дамлари яна қайталанди. "Муҳаббат синовлари” премъераси куни ҳатто кинотеатр эшикларини синдиришган бўлса, бугун нима кузатилиши мумкин? Режиссёрнинг боши аранг қотган. Таклифнома сўраётганларга нима деб жавоб қайтаришни билмайди?
-Ҳамма премъераларимда шу аҳвол. Бироқ, "Ўғригина келин”да ҳаммасидан-да бошқача вазият. Тўғри, барчанинг кўнглини бирдек овлагим келади. Бунинг уддасидан чиқишни айтмайсизми? Ҳозир қаттиқ ҳаяжондаман. Сабаби, тўрт ярим ойлик меҳнатларим мевасини халқ билан баҳам кўрадиган кун бугун! Ҳар премъерада фарзанд кўргандек бўламан! Назаримда, ушбу фильм ҳали кўп йиллар халқимиз ёдида қолади. Байрам кунлари ТВда намойиш этилиб, омма қалбига кўтаринкилик улашадиган фильм.Шуни аниқ айтишим мумкинки, Улуғбек Қодиров ва Дилноза Кубаева яратган роллар нафақат, томошабин учун, балки уларнинг ўзи учун ҳам янгилик бўлишига ишонаман. - дейди, режиссёр.
Қизиғи, Рустам Саъдиев бу янги фильмини ҳам бошқа ҳамкасблари каби уззукун ТВ, радиода реклама қилгани йўқ. Натижа эса, бу аҳвол. Демак, эфирдан бир сония ҳам рекламаси тушмагани билан фильм оммалашиб қолмайди. Режиссёрнинг номи, фильм ҳақидаги шов-шувлар ортиқча харажатни талаб қилмади! Премъералар ҳам сон жиҳатдан илгарилаб кетгани тайин. Бироқ, сифат жиҳатдан жуда ортда...Энг муҳими, "катта премъера” деган тушунчага "Ўғригина келин” асос солса, не ажаб? Холливудда "катта премъера” Жеймс Камэрон, Ридли Скотт, Болливудда Яш Чопра, Каран Жоҳар, Ўзбекистонда эса Рустам Саъдиев ва яна аллакимлар номи билан боғлиқ бўлмоқда. Бу улкан орзу, бу омад... Балки Яратганнинг иродаси. Не бўлганда ҳам, Инсон ўз "мен”ини машаққатлар ила топади. Муҳими, мана шу "ўзига хослик”ка бир умр муносиб яшаш! Саъдиев, янги ғалаба муборак!