ЖАРнинг "Питер Мокаба” стадионида бош координаторлик вазифасини бажараётган ҳамюртимиз Авазбек Бердиқулов Полокване шаҳридан хабар беради:
— ФИФА Ҳакамлар қўмитаси вакили Микел Лицкевич кечаги Греция - Аргентина ўйинидан кейин Эрматов жамоасига юқори баҳо берди. Полокванедаги ўйинга ҳакамлар инспектори этиб тайинланган Лицкевич Эрматовнинг бeхато ишлаганини фахр билан қайд этди. Лицкевичнинг айтишича ўйиндан кейин ФИФА президенти Зепп Блаттер уни ёнига чақириб, ҳакамларга миннатдорчилик билдириб қўйишни айтган. Лицкевич Блаттернинг табригини ва ўзининг ижобий фикрларини ўйиндан Эрматов жамоасига етказди.
"Бу ўйинни бирон бир хатосиз ўтказиш жуда қийин, ўйинга жуда яхши тайёргарлик кўргансизлар ва сизлардаги профессионализм яққол сезилиб турди. Мен сизлар билан фахрланаман" — деди Лицкевич.
Польшалик мутахассиснинг фикрича, ҳозирча мусобақада энг яхши ишлаётган жамоа —Эрматов жамоаси ҳисобланади.
Равшан Эрматов ўйиндан кейин ўз ишидан қониқиш ҳосил қилганини, бирон бир вазиятда қарор чиқаришда иккиланмаганини айтди.