Пандора, Нави, Жейк Салли...Бу сўзлар кино
оламининг янги даври асосчиси, жаҳон киносини ларзага солган "Аватар”
картинасини кўрганлар учун янгилик эмас. Фильмни томоша қилган
бўлсангиз, Ер планетасидан Пандора планетасига бойлик орттириш илинжида
келган одамлар ва шу янги олам аҳолиси Нави халқи ўртасидаги кураш
томошабинни беқиёс саргузаштлар ила боғлаб, ўйлантириб қўяди. Нави билан
"дипломатик” муносабат ўрнатиш эса Аватарлар зиммасида. Жейк Салли
бошқарадиган Аватар ниҳоят, бу планетадаги одамларнинг Навига нисбатан
ноҳақлиги туфайли ўз оламига, одамларга қарши курашади. Режиссёр одам
зотини бир неча қаҳрамонлар тимсолида ҳам қаҳри қаттиқ, ҳам инсонийлик
хислати нақадар буюк эканлигини шу қадар ишонарли кўрсатадики, бехос
унинг ғояларига тан берасан. Режиссёр картинанинг
томошабоплигининг 100 фоиз юқорига чўққисига ҳам ета олган. Фильмдаги
жанг саҳналарини бир эсланг...Энг замонавий техник жанг қуроллари,
роботлар, найзали қуроллар, Пандоранинг йиртқич қуш ва ҳайвонлари...жанг
майдонида бир вақтда тўқнашиши! Режиссёр тасаввурининг бойлиги бу! Кино
тарихида энг кўп даромад олиб келган фильм сифатида энг олий ўринни
забт этган "Аватар”нинг шу ном билан компьютер ўйини ҳам яратилди.
Қизиғи, ўйинда иштирок этсангиз иккала "Аватар”, яъни фильм ва ўйин
бир-бирига қарама-қарши эканини айнглайсиз. Ўйиннинг асоси ҳам
ўша...Пандора, Нави халқи...Бироқ, Жейк Салли ўрнига қаҳрамоннинг исми
ўзгаради Райдер. У эса Нави халқини ҳимоя қилиш ўрнига туб аҳолига қирон
келтиради! Ўйин графикаси қойилмақом тарзда яратилган. Фильмни томоша
қилиб, Пандора планетасини ботинан тасаввур қилсангиз, ўйин орқали эса,
бевосита бу янги оламда саёҳат қиласиз...Хуллас, бир-бирига мантиқан
қанчалик қарама-қарши бўлмасин, иккила "Аватар” ҳам ажойиб!
"Аватар” картинасининг продюсери Жон Ландау яқинда
ОАВларига берган интервьюсида шуни маълум қилдики, Жеймс Кэмерон минглаб
таклифларга биноан "Аватар”нинг иккинчи қиcмини яратишга бел боғлади.
Ундан ташқари, миллиардлаб томошабинлар хонодонига, қалбига кириб борган
"Титаник” фильмини 3d шаклида ҳам қайта яратиш режасини борлигини
таъкидлади. Кино оламида мана шундай бетакрор асарлар тезроқ яратилишини
интиқлик билан кутиб қоламиз.