“Ҳандалак”. Кўз олдимизга Ортиқ Султонов ва Зокир Очилдиев келади. Қизиқчилик оламида ўзига хос йўл топа олган бу ижодкорлар охирги пайтда айро-айро кўришга тўғри келяпти. Сабаблари ҳамда бошқа ўзимизнинг қизиқтирган саволлар билан ҳажвий гуруҳнинг фаол аъзоларидан бири Ортиқ Султоновни суҳбатга тортдик.
-Сўнгги пайтда ижодларингиз жуда суст. Ижодий ёқилғи тугаб қолдими?
-Ёқилғи тугагани йўқ. ТВ да кам чиқяпмиз. Ўзбек кулгусини жаҳон саҳнасига олиб чиқяпмиз. Лойиҳамиз ҳақитда интернет сайтимизда ҳам ёритиляпти. 15 сериялик фильм суратга олитшни ҳам режалаштирганмиз. Одамлар назарида ТВда кам чиқяпмиз, холос. 30, 31 октябр кунлари концерт беришга ҳам анча ўйлаб розилик бердик. Сабаби, концертга янгилик қилиш керак-да!
-Кулгуларингизда халқчиллик бор, бироқ замонавийлик етишмайди...
-Биз учун макон ва замон деган тушунча йўқ. Баъзи бир қизиқчиликнинг миллатини танласангиз қизиғи қолмайди. Рус томошабини ҳам кулдиряпмиз. Сатира, турли образлар орқали муаммоларни четлаб ўтамиз. Сабаби, муҳими бунда эмас!
-Фарзандларингиз қизиқчи эканлигингиздан фахрланадими?
-Шундай бўлиши керак. Хаёлимда шундай. Қизиқчи бўладими, боксчи бўладими отасини ҳамма таниса, фарзандлар учун ёқимли.
-Сизларнинг ижодий жараёнингиз қандай кечади? Кулгуни қаердан оласизлар?
-Кўп китоб ўқишга ҳаракат киламан. Асосан ҳазил йўналишда. Умумий адабиётни кам ўқийман. Газета ва журналлардан қизиқарли маълумотларни оламиз. Халқимиз минталетитига мос ёзилган нарсаларни ижро этамиз. Эрталаб ўғилларимиз билан намоз ўқиб, 10 гача уйда бўламиз. Қизиқ воқеаларни Зокирга айтаман ва сценарий пайдо бўлади. Театр актёрларидан фарқли равишда бизнинг репетицияларимиз томошабинлар билан бирга бўлади. Янги дастуримизда ҳам кўп янгиликларнинг фарқи бўлади. Қизиқчиликнинг бағри кенг. Мусиқий пародия, ҳазил қўшиқ...бундай турли йўналишдаги кулгулар билан томошабинлар дидини ҳам тарбиялаш керак.
-Сизларни ким мириқтириб кулдириш мумкин?
-Кутилмаган сўзни айтган ҳар қандай одам. Ҳар қандай кулгули воқеа.
-Қизиқчиларни жиддий дейишмайди.Уларнинг ҳаёти ҳазил-мутойиба билан ўтади деб ўйлашади. Сизларда бу мезон қай даражада?
-Мен билан бир-икки соат суҳбатлашса, бу фикрдан қайтади. Саҳнада, суратга олиш пайтида қизиқчи бўламан. Бошқа пайтда атрофдагиларга “дуруст” деган фикрни уйғотиш учун ҳаракат қиламан.
-Нима деб ўйлайсиз, кулгунинг асосида нима ётиши керак?
-Бир куни ТВда бир кўрсатув бўляпти. Машҳур ҳажвчилар “Кулгу бирламчими ё фикр бирламчи” мавзусида баҳслашишди. Бу баҳс давомида тўлиқ жавоб ололмадик. Назаримда, фикр бирламчи, кулгу ёрдамчи бўлиши керак. Кулгуда ҳам худди шундай фикр бирламчи. “Соф кулгу” концертимизни бошида “Энг муҳими” деб номлагандик. Ҳар бир ҳазилимиз тагида керакли мавзу ва муҳим фикрлар бор.
Энг муҳим фикримизни кулгули қилиб айтишга ҳаракат киламиз.
-Касбингиздан илк нафратланган пайтингиз?
-9-синфда ўқирдим. Бехосдан Турғун Азизовнинг овозига тақлид қилишни бошладим. Кейин Ҳамза Умаровга ҳам ўхшатдим. 7-8 та машҳурлар овозни ўхшатиб мактабда айтиб юрардим. Одамларни қизиқтира олмаганимда, бошқа касбга берилиб кетармидим. Институтида ҳам истеъдодимни намойиш эта бошладим. Менга тақлид қила бошлашди. Кейин асосий диққатни сўзга қаратдим. Ҳар сафар одамлар кулганини кўрсам лаззатланаман.
-Саволимни хато тушундингиз шекилли...
-Мен лаззатланган пайтимни айтибман. Чунки, нафратланмаганман. Жуда омадли йигитман. Омадсизликка юз тутганимда балки нафратланган бўлармидим. Менда бошқа касб эгаси бўлиш фикри бўлмаган. Илк бора ижодимизни Самарқанд ТВсида ёритилишида Фирдлавс Абдухолиқовнинг хизмати катта бўлган. Дўстим билан нимани мақсад қилсак, эришиб келяпмиз. Курсдошларим кўп эди. Бугун уларнинг орасида энг омади кулиб боққанларидан бириман.
-Кези келиб, кулгуларингиз ўтмай қолса, қандай йўл тутасиз?
-Оптимистман. Ёмон нарсалар ҳақида ўйламайман. Ёшимни санамайман, чунки, у ўзимники, ҳеч ким ололмайди, дейди бир актриса. Ҳаётга кулсангиз, у ҳам сизга кулади. Шоирлар, ёзувчилар танҳоликда бўлади. Улар шу ҳақда кўпроқ ўйласа керак.
-Ўзингизнинг ҳазилларингизга ўзингиз ҳам чин дилдан куласизми?
-Мухлисларга айтаётганимизга, аввало, ўзимиз куламиз.
-Кулгудаги бачканаликни қандай тушунасиз?
-Бачканалик деганда, ўзига ярашмайдиган қилиқ ва ҳаказолар тушунилади. Сўзда арзимайдиган гапни гапириб қўйишлик бўлса керак. Илмга интилиш керак. Ўқиган инсон кўп нарсани билади. Кўпни билган бачканаликдан йироқ бўлади. Саводсизлардан бачканалик чиқади. Ўзи ва саҳнани ҳурмат қилган ижодкор ҳаётида бачканалик содир бўлмайди.
-“Ҳандалак” қачон пишади?
-Твга қайтсак ҳам “Ҳандалак” кўрсатувини тайёрламасак керак. Ҳандалак лойиҳа эди. Зокиржон рус тилида гапира олмагани учун мен “Қаҳқаҳа”чиларни ҳамкорликка таклиф этдим. Ҳандалак 2000 йил февралда биринчи сони чиққанди. Кундузги эфирларни камроқ кўришади. Ҳандалакни қилмаслигимиз керак эди. 2 йил ичида 70- 80 та кўрсатув бўлган. Шундан 20 таси намойиш этилган. ТВга қайтсак ҳам янги қиёфада қайтамиз. Назаримда, энди “Ҳандалак” бўлмайди. “Шўрданак”, “Қалпоқ” кабилар бизлардан ранг олган кўрсатувлар намойиш этилаверса керак. “Ҳандалак” пишдими ё ҳалигача хом, буни мухлислар татияпти. Улар кўпроқ билади!