Юлдузни шу қадар соғинганмизки, унинг янги альбомини кутавериб, кўзлар миллион бўлиб кетди, дейди бир неча мусиқа ихлосмандлари. Дарҳақиқат, примадоннанинг альбоми Мустақиллик байрами арафасида мусиқа дўконларида ўз эгаларини кутиши керак эди. Бироқ...ҳануз кутмоқдамиз!
"Тилимдан эмас, дилимдан” альбомига 10 та янги қўшиқ киритилган бўлиб, улардан бири Ватанимиз Мустақиллигининг 19 йиллигига бағишланган "Жон Ўзбекистон” таронасидир. Хонанда ушбу қўшиқни ўз шахсий сайтида премьера ҳам қилишга улгурди. Юлдузнинг ашаддий мухлислари эса альбомни излаб, пойтахтдаги турли мусиқий дўконларни айланиб ҳалак. "Тангрим боғчам демишми сени...Боши бутун жон Ўзбекистон” – қўшиқдаги шундай нолалар юртдан четда мусофир юрган хонанданинг юрак-юрагидан бонг уриб отилади ва тинглашингиз билан этингиз жимирлаб кетади.
Юлдуз куйласа, юракдан куйлайди. Балки, альбомни номлашда ушбу қўшиқни куйлаш жараёнидаги кўзёшлари, юрагидаги дардлари асқотгандир...Тилимдан эмас, дилимдан!
Шу альбомнинг ҳануз тарқатилмаётгани борасидаги саволлар юзасидан хонанданинг продюсери Акмал Йўлчибоевни тинмасдан безовта қилишимизга тўғри келди. Ахир, мухлислар сайтимизда чоп этилган янгиликдан сўнг, бизни ҳам ҳоли жонимизга қўяётгани йўқ. Тан олсак, бунақаси жуда камдан-кам ҳолат.
Агар, альбом ҳали тайёр бўлмаган десак, бу маълумотни продюсер рад этди. Агар, Юлдуз ваъда қийматига эътиборсиз десак, бу фикр ҳам хато бўлади. Боиси, у қачонки ваъда берса, устидан албатта чиққан! Мухлисларига ҳар йили битта янги альбом туҳфа қилишга ваъда берганди...Мана, бир эмас, иккита янги альбомни тайёр этди! Сўнгги хулосани билиш мақсадида яна Акмал Йўлчибоев билан боғландик:
-Барча интиқ кутаётган мухлислар сингари, шахсан менинг ўзим ҳам янги альбомни тинглашга интизорман. Альбомлар аллақачон тайёр. Агар, Тошкентда тайёрланганида эди, альбомни аллақачон мухлислар харид қилиб, янги қўшиқлардан баҳраманд бўлишлари мумкин эди. Иккала мусиқий тўплам ҳам, Истамбулда, жуда профессионал тарзда маҳсулот тарзига келтирилди. Фақат, қоидаларга риоя қилиб, божхонадан ўтиб келгунча анча вақт кутишга тўғри келиб қоляпти. Бироқ, яна оз қолди. Озгина сабр.
Наилож, кутамиз! Кутишга арзиганидан сўнг кутамиз! Муҳими, шунча кутганимизга яраша соғинчимиз чанқоғини алдаб қўймасак бўлгани!