“Титаник”ни кўрмаган томошабин
бўлмаса керак. Фильмдан ҳайратланиш асосида уни яратган режиссёр ишига
ҳам тан берамиз. Жеймс Кэмерон шундай дурдона киноасар яратгандан ўн
икки йил ўтиб, мазкур йилнинг декабр ойида яна бир улкан ижод маҳсулини
бутун дунёга намойиш этади. “Аватар” деб номланмиш ушбу картина илмий
фантастик жанрда бўлиб, унинг ҳар бир дақиқаси сизни ҳайрат уммонига
чорлайверади. Махсус эффектлар, компьютер графикаси шу қадар ишонарли
яратилганки, бу ўзга дунёлар танишдек туюлади.
Режиссёр
бу фильм ҳақида шундай дейди: “Аватар” менинг орзуларимнинг ушалиши. Шу
боис ҳам ўн йиллаб вақтим кетсада, шу биргина лойиҳа устида зерикмасдан
ишладим. Биз шу бир оламда яна бир неча дунёлар яратамиз: заводлар,
фабрикалар қурамиз, экотизимни ўзгартириб юборамиз. Инсоният эса бой
маданияти ва тили билан яшашда давом этади. Бундай яратувчанлик ва
ўзгаришлар қандай ниҳоя топади? Фильмимда асосий эътиборни мана шу
нуқтаи назарга қаратганман».
20th Century Fox студияси тақдим этадиган ушбу картинада Сем Вашингтон
ва Зоя Салданалар бош ролларни ижро этишган. “Титаник” “Оскар”нинг 11
та олтин ҳайкалчаларини қўлга киритган эди. Режиссёрнинг 12 йил вақти
сарфланган “Аватар” ҳам бундай муваффакиятга эриша олармикан?!!